Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тиббиётдаги ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда
10:35 / 2023-07-05

Юртимизда тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш, аҳоли соғлигини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар “Инсон қадри учун” тамойилига асосан олиб борилмоқда. Бугунги кунда Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида ҳам амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Айни пайтда тумандаги аҳолига 14 оилавий поликлиника, 10 оилавий шифокор пункти, 1 кўп тармоқли марказий поликлиника ва марказий шифохонада малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда.  

– 2023 йилнинг ўтган беш ойи давомида туман бўйича соғлиқни сақлаш тизимига 34 миллиард 745 миллион сўм маблағ ажратилган. Бу аҳоли жон бошига 218 минг 577 сўмдан тўғри келади, деганидир, – дейди тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Муҳаббат Салоева. – Туманда дори-дармон воситалари учун ажратилган маблағ эса 1 миллиард 785,6 миллион сўмни ташкил қилади. Ҳозирда туман тиббиёт бирлашмасида 254 нафар шифокор, 2202 нафар ўрта тиббиёт ходими бўлиб, шифокорларнинг 69 нафари олий, 27 нафари биринчи, 40 нафари иккинчи тоифали шифокорлардир.  

Тиббиёт бирлашмасида Президентимизнинг 2021 йил 25 майдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасини комплекс ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан тизимдаги ислоҳотларни амалга ошириш мақсадида “Она ва бола кластери” штаби ташкил этилиб, кўп тармоқли марказий поликлиникадаги “Аёллар маслаҳатхонаси” билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.  

[gallery-12597]

Аҳоли репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш ва болалар ўлими ва аҳолининг умумий касалланишини камайтириш мақсадида тузилган чора-тадбирлар асосида туман тиббиёт бирлашмаси томонидан тор соҳа мутахассисларидан иборат учта Ишчи гуруҳи тузилиб, барча оилавий поликлиника ва оилавий шифокор пунктларида 0-18 ёшгача бўлган болалар ва туғиш ёшидаги аёллар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.  

Маълумки, сўнгги йилларда юртимизда соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларни янада қўллаб-қувватлаш, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида жорий этилган “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Натижада кўплаб ижтимоий соҳа объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, зарурий жиҳозлар билан таъминланмоқда. Йўллар қурилиб, узоқ йиллар давомида аҳолини қийнаб келаётган муаммоларга ечим топилмоқда.  

Жумладан, туман тиббиёт бирлашмасида ҳам “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида 3 миллиард 237, 6 миллион сўмлик замонавий тиббий жиҳоз ва асбоб-ускуналар олиб келинди. Натижада аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизмат сифати янада ошди.  

Шунингдек, жорий йил Наврўз байрами арафасида тиббиёт бирлашмасининг “Болалар бўлими” тўлиқ қайта таъмирланди.  

– Болалар бўлими 1985 йилда ташкил этилган бўлиб, 26 ўринли қувватга эга, – дейди бўлим мудири Шавкат Неъматов. – Айни пайтда бу ерда тумандаги 47 мингга яқин болага тиббий хизмат кўрсатилади. Мазкур бўлимда жорий йилнинг январь-март ойларида “Она” жамоат фонди ҳомийлигида бир миллиард сўмлик таъмирлаш ишлари олиб борилди. Натижада ҳар бир хона ўзгача услубда таъмирланиб, хона деворлари болалар руҳиятига мос равишда расмлар билан безатилди. Телевизор, юмшоқ ўйинчоқлар, шкаф ва мўъжазгина кутубхона, шахмат-шашка тахталари билан таъминланди. Ошхонага эса замонавий жиҳозлар келтирилди.  

– Қизим Собирова Солиҳа ўткир бронхит ташхиси билан шифохонага келтирилди, – дейди “Оқмачит” МФЙда истиқомат қилувчи Дурдона Рўзиева. – Уч кундан буён тиббий муолажа оляпмиз. Шифокорлар яхши қарашяпти. Дори-дармонлар етарли. Барчаси шифохона ҳисобидан бериляпти. Яқинда болалар бўлими қайта таъмирланган экан. Таъмирлаш ишлари жуда ёқди. Ҳар бир хона бир-бирига ўхшамаган тарзда безатилган.  

Дарвоқе, ўтказилган “Саломатлик ойлиги” да туман кўп тармоқли марказий поликлиника мутахассислари томонидан диспансер назоратида турган ва ногиронлиги бўлган 250 нафардан ортиқ болажонлар тиббий кўрикдан ўтказилди. Марказий поликлиникага келолмаган ногиронлиги бор болаларнинг уйларига борилиб, хабар олинди.  

Албатта, тизимда олиб борилаётган ҳар бир амалий иш аҳолига сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.  

 

А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА