Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тиббиётдаги ислоҳотлар инсон учун (+видео)
15:53 / 2025-06-05

Бугунги кунда юртимизда ихтисослаштирилган тиббиётни аҳолига янада яқинлаштириш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, диагностика ва даволашнинг замонавий усулларини жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази Навоий вилояти ҳудудий филиалида тери ва унинг ҳосилалари касалликлари, туғма ёки орттирилган косметологик муаммоларни диагностика қилиш ҳамда даволаш мақсадида бир қатор ютуқларга эришилмоқда. 

Ҳозирда филиал тиббий хизмат кўрсатиш учун барча қулайликларга эга замонавий янги бинода фаолият кўрсатиб келмоқда. 

Айни пайтда амбулатор тиббий хизматлар учун 55 қатновга мўлжалланган поликлиника бўлими, стационар шароитда даволаниш учун 40 ўринли тери касалликлари бўлими, 40 ўринли терининг юқумли ва таносил касалликлари бўлими ҳамда 30 ўринга эга болалар тери касалликлари бўлими мавжуд.

 Бу ерда тиббий суғурта тизимига ўтиш муносабати билан рақамлаштириш жараёнлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

– Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 7 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар” дастури бошланиши эълон қилинган эди, – дейди филиал директори Жамшид Ҳошимов. – Дастур доирасида фуқароларга яратиладиган қулайликлар, тиббий хизматни соддалаштириш ҳамда республика даражасида амалга ошириладиган муолажаларни бевосита вилоятнинг ўзида амалга оширишга эътибор қаратмоқдамиз. Филиалимизда кутиш жойларида қулай ўриндиқлар кўпайтирилиб, навбатлар тартибга келтирилди. Ногиронлиги бўлган беморларнинг эркин ҳаракатланиши учун кириш-чиқиш жойлари, хона ва йўлакларда инклюзив муҳит яратилмоқда. Бундан ташқари, “Тоза қўллар” шиори остида мурожаат қилган фуқароларга санитария-гигиена талабларига асосан ишлар ташкил этилмоқда. 2025 йил учун белгиланган дастурга асосан 5 дан ортиқ даволаш усули, 10 дан ортиқ текшириш усулларини вилоят ва туманларимизда йўлга қўйиш, республика даражасидаги хизматларни вилоят даражасига тушириш бўйича иш олиб бормоқдамиз. Асосий йўналишимиз фақат дори-дармон билан даволаш эмас, балки кам дори ишлатиб, физиотерапия орқали организмнинг иммун ва қаршилик кўрсатиш қобилиятини оширишга эътибор қаратмоқдамиз. 

Филиалнинг поликлиника бўлими таркибида замонавий лазер ускуналарига эга косметологик алоҳида хоналар фаолияти йўлга қўйилган. Ушбу лазер ускуналари ёрдамида теридаги косметик нуқсонларни тез, сифатли, арзон ва асоратсиз бартараф этиш мумкин. Шунингдек, касалликларни диагностикаси, ташхислаш учун лаборатория бўлими фаолият юритиб келмоқда. Лабораториядаги замонавий тиббий ускуналар ёрдамида тери ва терининг юқумли касалликлари, таносил касалликлари ва терининг сурункали кечувчи, бошқа турдаги касалликларининг диагностикаси амалга оширилади. Филиалга ИХЛА ускунаси олиб келинган. Эндиликда беморлар соатлаб таҳлил натижаларини кутмайди. Ушбу ускуна ёрдамида бир вақтнинг ўзида 60 нафар беморнинг 30 турдаги таҳлилини инсон омилисиз автоматик равишда кам вақт сарфлаб, жаҳон стандартлари талаблари асосида ўтказиш мумкин. 

– Филиалимиздаги лаборатория бўлимимиз цирологик ва клиник бўлимдан иборат, – дейди бўлим мудири Валижон Умаров. – Цирологик лабораторияда вилоятдаги барча турдаги даволаш профилактик муассасалардан келадиган қон намуналари, цирологик таҳлиллар текширилиб, ташхис қўйилади. Барча врач ва ўрта тиббиёт ходимлари мунтазам равишда билим ва малакасини ошириб, замонавий лаборатория диагностикаси бўйича тизимдаги янгиликлар билан танишиб боради. Аҳолига янада сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида 2024 йилнинг 3-чорагида турли соҳаларда кенг кўламли вазифаларни бажариш учун қўлланиладиган замонавий диагностика усули жорий этилди. Бу усулнинг афзаллиги шундаки, у тўлиқ автоматлаштирилган. Таҳлил жараёнида инсон омили иштирок этмайди. 

[gallery-23761]

Филиалда илмий салоҳият ва ходимлар малакасини ошириш, тажриба алмашиш бўйича ҳам алоҳида дастурлар доирасида иш олиб борилмоқда. 2023-2024 йилларда Беларусь давлати билан ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлса, жорий йилнинг май ойида Қозоғистонинг Остона шаҳридаги университет билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди ва меморандум имзоланди. Шунингдек, Қирғизистоннинг дерматовенерология маркази билан ҳам келишувга эришилган. 

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/YUo2Hfw3COM" title="Tibbiyotdagi islohotlar inson uchun" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

А.Бўриев, С.Аслонов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари