Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш кўламини янада ошириш, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш ҳисобига фуқаролар ҳаётини сақлаб қолиш каби масалалар, бугунги куннинг долзарб ва муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.
Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманида туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қонтомир касалликлари маркази ташкил этилди. Ушбу марказ ҳисобига аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат тури бир неча бор ортди.
Мазкур марказ қурилиши, унга туташ бўлган бинони мослаштириш учун давлат бюджетидан 13 миллиард сўм миқдорида пул маблағи йўналтирилган бўлса, тез тиббий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган, замонавий тиббий аппаратура ва ускуналар билан жиҳозлаш учун 15 миллиард сўмдан зиёдроқ пул маблағи ажратилди.
–Ушбу маблағ ҳисобига 34 турдаги энг сўнгги русумдаги тиббий техника ва жиҳозлар келтирилиб, 9 ўринли анестезиология ва реаниматология, 30 ўринли жарроҳлик, 2 ўринли гемодиализ, 10 ўринли инсультдан кейинги реабилитация бўлимлари тўлиқ таъминланди, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Санъат Қодиров. – Бу эса Сирдарё ва Сайхунобод туманлари ҳудудидан ўтган, М-39 катта магистрал йўл, унда ҳаракатланаётган, автотранспорт воситалари ҳайдовчилар ва йўловчиларга, йўл транспорт ҳодисаси сабаб қўшма шикастланган, ўткир қонтомир тизимида жиддий муаммоси бор беморларга тиббий хизмат кўрсатиш ва уларни соғлом ҳаётга қайтариш муҳим ўрин тутмоқда.
Муассасага келтирилган замонавий аппаратлар касалликни аниқлаш ва даволашда қўл келаётган бўлса, жарроҳлик бўлимига келтирилган ва ўрнатилган лапароскопия жамламалари юқори технологик жарроҳлик амалиётларини ўтказишда қўл келмоқда. Аҳамиятли томони, мазкур муассасани ташкил этилиши натижасида ойига 100 дан ортиқ жарроҳлик амалиётлари ўтказилди.
Пуллик хизмат кўрсатиш бўлими ташкил этилиши эса туман тиббиёт бирлашмасининг туристик салоҳиятини янада ошириш, қўшни давлатлар, Қозоғистон ва Тожикистон республикаларидан келаётган беморларга сифатли хизмат кўрсатиш имконини бермоқда.
Шуҳрат Суяров, ЎзА.