Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тиббиётдаги ислоҳотлар аҳоли соғлигини тиклашга хизмат қилмоқда
17:24 / 2023-10-06

Сўнгги йилларда Сирдарё вилоятида ҳам соғлиқни сақлаш соҳасидаги ижобий ишлар кўлами кенгайиб бормоқда. Мисол учун, аввал, пойтахт ёки хорижда бажарилган, кўп харажат талаб этадиган, буйрак трансплантацияси, юрак билан боғлиқ стентлаш, нейрохирургия, нейротраматология соҳаларида юқори технологияли жарроҳлик каби амалиётларининг вилоятда йўлга қўйилиши бемор ва уларнинг яқинларига қатор қулайликлар яратмоқда.

– Илгарилари, сирдарёлик беморлар бу турдаги амалиётлар учун нафақат республика ихтисослаштирилган муассасаларга, хорижга боришган бўлса, эндиликда бунга ҳожат қолмаяпти, – дейди Сирдарё вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Хуршид Ҳакимов. – Мисол учун буйрак трансплантацияси билан боғлиқ ўтказилган амалиётлар сони 10 дан ошган бўлса, юрак қон томирларида стентлаш ва оклюдер қўйиш амалиёти 2000 дан, чаноқ-сон суягининг емирилиши билан боғлиқ юқори технологик тотал эндопротезлаш амалиёти 200 дан ошди. Шу билан бирга, қизилўнгач диафрагма тешиги чурраси билан боғлиқ лапароскопия, тизза бўғими остеоартрозини артроскопия усулида бартараф этиш амалиёти йўлга қўйилди.

Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ходимлари билан сирдарёлик хирурглар томонидан, вилоятнинг энг олис ва чекка ҳудуди ҳисобланган Оқолтин тумани тиббиёт бирлашмаси, унинг Туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказида туғма юрак нуқсони бор беморда ўтказилган очиқ жарроҳлик амалиёти эса ана шу ишларнинг узвий давомидир.

Яқин йиллардаги ислоҳотлар сабабли умумамалиёт шифокори мутахассиси оилавий шифокорга, қишлоқ врачлик пункти оилавий шифокорлик пунктига айлантирилиши ва бошқа кўплаб янгиланишлар тиббиётнинг муҳим бўғини ҳисобланган бирламчи бўғиннинг тўғридан-тўғри бемор билан ишлайдиган, касалликларни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизим сифатида шаклланишида муҳим ўринни эгаллади.

Содда қилиб айтганда, касалликни ривожланганда эмас, эрта босқичларда аниқлаш, ўз вақтида даволаш кутилганидан кўпроқ самара беради. Бу нафақат бемор оиласи бюджетига, давлат бюджетига ҳам катта фойда келтиради. Бу ишларни ташкил этиш, тор доирадаги мутахассислардан кўра, бирламчи бўғинда ишлайдиган соҳа ходимларидан куч, маҳорат, тажриба талаб этади.

Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, унда белгиланган вазифалар ижроси доирасида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмлари билан боғлиқ ишлар республикада биринчилардан бўлиб Сирдарёда жорий этилгани беморларнинг муассасада даволанган ҳолатини, соғлиқни сақлаш тизимига ажратилаётган маблағлар мақсадли ишлатилаётганини назорат қилиш имконини бермоқда.

Мазкур лойиҳа аҳолининг соғлиғи билан боғлиқ кўрсаткичларни мониторинг қилиб бориш, уларни тиббиёт муассасасига бириктириш, касаллик тарихини юритиш, рецепт ёзиш ва тиббиёт муассасаларига йўналтиришда муҳим қадамлардан бири бўлиб, барча ишлар электрон ахборот дастури орқали амалга оширилмоқда.

Қолаверса, давлат тиббий суғуртаси механизмлари доирасида сурункали касалликларга чалинган беморларга алоҳида эътибор қаратилиб, улар учун зарур бўлган дориларнинг бир қисми бепул берилаётгани тиббиётдаги ислоҳотларнинг узвий давоми бўлди. Сўнги пайтларда аҳоли орасида юрак – қон томир, сурункали нафас йўли касалликлари, гипертония, эндокрин тизими ва бошқа хавфли касалликлар билан касалланиш Сирдарёда ҳам ошиб бормоқда. Ўлим кўрсаткичи ҳам айнан ана шу касалликка чалинган фуқаролар орасида кузатилмоқда.

Умумий касалланиш кўрсаткичининг 37,6 фоизини нафас олиш аъзолари тизими касалликлари, 10,5 фоизини қон ва қон яратиш аъзолари касалликлари, 9,4 фоизини овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликлари, 8,7 фоизини сийдик ва таносил аъзолари касалликлари, 5,2 фоизини асаб тизими аъзолари касалликлари ташкил этмоқда. Бунга, асосан, чекиш, спиртли ичимлик истеъмол қилиш, стресс, кам ҳаракатлилик, нотўғри овқатланиш каби омиллар сабаб бўлмоқда. 

Аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини йўлга қўймас эканмиз, олдимизга қўйган мақсадларимизга эришишимиз қийин кечади. 

Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири