Президент ташрифидан сўнг...
Давлатимиз раҳбари ўтган йили 10 ноябрь куни тиббиёт ва фармацевтика ходимлари билан бўлиб ўтган учрашувда тиббий хизматларнинг 30 фоизи хусусий сектор томонидан кўрсатилаётгани, улардан илғор ташаббуслар чиқаётганини айтди. Хусусий шерикликни кенгайтириш бўйича уларнинг барча таклифларини кўриб чиқишга тайёрлигини, келгусида тиббиётда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва қўшимча шароитлар яратиш давом эттирилиши таъкидлаган эди.
Айни мақсадларга мувофиқ юртимизда кўп тармоқли тиббиёт марказлари фаолиятига кенг имкониятлар яратиб борилмоқда. Олмазор туманида жойлашган “Sinomed” кўп тармоқли тиббиёт маркази бугунги кунда актуал бўлган барча йўналишларда фаолият юритиб келмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил январь ойида Олмазор туманидаги мазкур кўп тармоқли тиббиёт маркази фаолияти билан танишган эди.
– Клиникамиз туғруқ, педиатрия, хирургия, травматология, ортопедия, эндокринология ва бошқа йўналишларда фаолият юритиб келмоқда. Клиникада диагностика ҳамда стационар бўлимлари мавжуд. 30 миллион доллар эвазига барпо этилган марказимиздаги ускуналар Буюк Британия, Италия, Япония ва Германия давлатларидан олиб келиб келинган, – дея фикр билдиради “Sinomed” кўп тармоқли тиббиёт маркази директори Камолхўжа Эшназаров. – Марказимиз йилига тўрт ярим минг нафар беморни қабул қилиш қувватига эга. Бу ерда 300 дан ортиқ иш ўринлари яратилган бўлиб, 80 нафардан ортиқ шифокор фаолият юритади. Улардан 60 нафари хорижда, хусусан, Жанубий Корея, Германия, Туркия, Ҳиндистон, Япония, Америка каби давлатларда малака оширган шифокорлардир. Шу билан бирга, клиникада хорижлик мутахассислар ҳам фаолият юритмоқда.
Мазкур марказ таркибида Тошкент шаҳрида биринчи хусусий туғруқ мажмуаси ишга туширилган бўлиб, бир вақтнинг ўзида 30 нафар аёлга хизмат кўрсата олади. Келгусида ўринлар сонини янада кўпайтириш юзасидан ишлар олиб борилмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/cE9XWdhu0gk" title="Tibbiyotda xususiy sektorni qo‘llab-quvvatlash samara bermoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>ЎзА мухбири Абдулазиз РУСТАМОВ суҳбатлашди.