Онкологик хасталикларни самарали даволаш бўйича ҳиндистонлик мутахассислар билан мулоқот ўтказилди.
Андижон вилояти ҳокимлигида онкологик ва вирус этиологиялик жигар хасталиклари бўйича ҳиндистонлик мутахассис-шифокорлар билан учрашув бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифатини юксалтириш, хусусан, ихтисослашган тиббий марказлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, касалликларни эрта аниқлаш ва даволашга илғор ҳамда хорижий тажрибаларни қўллаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маълумотларга кўра, кейинги пайтларда дунё миқёсида ўсма, хусусан, онкологик касалликларнинг кўпайиб бораётгани кузатилмоқда. Шундан келиб чиқиб, қолаверса, онкологик хизмат сифатини юксалтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 апрелда “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.
[gallery-3505]
Андижон вилоятида мазкур ҳужжатда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, хусусан, вилоят Онкология диспансерининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, онкологик хасталикларни эрта аниқлаш ва самарали даволаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Вилоят ҳокими ўринбосари Ўткирбек Шукуров, соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари ҳамда Ҳиндистоннинг Ню-Дели шаҳридаги “Action cancer hospital” шифохонаси етакчи мутахассислари, доктор Vikas Chaudxary ва Naveen Kumar ўртасидаги учрашувда ана шу йўналишдаги ишлар сифати ва самарадорлигини ошириш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Учрашувда, шунингдек, онкологик ва вирус этиологиялик жигар хасталиклари мавжуд беморлар билан Оnline мулоқотларни йўлга қўйиш ва иммуногистохимия йўналишини ривожлантириш бўйича фикрашилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА