Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тиббиётда халқаро ҳамкорлик ривожланмоқда (+видео)
15:52 / 2025-11-19

Фарғонадаги Марказий Осиё халқаро тиббиёт университети мамлакатда малакали шифокорлар тайёрлайдиган йирик олий ўқув юрти сифатида танилган. Бу ерда таълим ва илм баробар олиб борилади.

Осиё, Европа, Америка қитъасидаги дунёнинг сара тиббиёт университетлари билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик ўрнатиб, замонавий даволаш услубларини такомиллаштиришга салмоқли ҳисса қўшиб келяпти. Мана энди Фарғонада, Марказий Осиё халқаро тиббиёт университетининг ўзида йирик илмий амалий анжуман ташкил этилди. Унда 30дан зиёд мамлакат университет ва тиббиёт маркази олимларининг 2000 га яқин илмий ишланмалари тақдим этилди.  

– Ҳурматли Президентимиз яқинда тиббиёт ходимлари билан учрашдилар. Унда тиббиёт соҳасида рақамлаштириш, сунъий интеллектдан фойдаланиш вазифалари юклатилди, – дейди Марказий Осиё халқаро тиббиёт университети ректори Нурилло Мамасодиқов. – Бўлиб ўтган анжуман дориасида “Ибн Сино издошлари” шиори остида турк дўстларимиз билан конференция ҳам ташкил этдик. Тиббиётдаги ислоҳотларга биноан, катталар ва болалар даволовчи шифокорларини умумлаштириб, унинг негизида тиббиёт факультетини тузиш вазифаси юклатилган эди. Чет эллик ҳамкорларимизда бу борада ижобий тажрибалар мавжуд. Биз ундан самарали фойдаланишга келишдик.  

– Ўзбекистон тиббиёт учун малакали мутахассислар тайёрлашда катта ютуқларга эришди. Буни Фарғонадаги халқаро университет мисолида ҳам кўриш мумкин, – дейди Истанбулдаги Нишанташи университети вице-ректори Есе Салиҳўғлу. – Ўқув ва амалий машғулотлар учун энг замонавий жиҳозлар, стимулация имкониятлари яратилган. Қолаверса, бу ерда тиббиёт фани ривожланиб боряпти. Конференция нуфузи бунинг исботи. Шунинг учун ҳам Истанбулдаги Нисашанташи университети Фарғонадаги Марказий Осиё халқаро тиббиёт университетини энг яқин ҳамкор сифатида танлади.

Мазкур ўқув юртидаги мутахассис тайёрлаш услуб ва шароитлари, илмий - тадқиқот лабораториялари билан танишган анжуман иштирокчилари бугун ҳамкорликни давом эттиришга қарор қилдилар. Бунда таълим, илм-фан, амалиёт йўналишларига урғу берилди.

Туркияда энг машҳур даволаш клиникаларига эга Истанбул Нишанташи университети илмий-амалий конференцияда энг катта делегация билан иштирок этганди. Бугун университет раҳбарияти вакиллари Марказий Осиё халқаро тиббиёт университети ректори Нурилло Мамасодиқов билан музокаралар олиб борди ва ҳар икки томон учун манфаатли шартнома имзоладилар. Унинг барча бандлари келгуси ўқув йилидан тадбиқ этилади.  

– Биз Марказий Осиё халқаро тиббиёт университети билан ҳар икки томон учун ҳам манфаатли шартнома имзоладик, – дейди Истанбулдаги Нишанташи университети профессори Эмраҳ Ипек. – Унга кўра, энди талабалар 3х3, яъни уч йил Фарғона ва уч йил Истанбул Нишанташи университетида таҳсил олади. Олий маълумот олганликлари ҳақида уларга иккита тенг кучли халқаро диплом берилади. Биттаси биз, Туркияники бўлиб, у дунёнинг барча мамлакатларида ишлаш ҳуқуқини беради. Келгусида биз тиббиёт соҳасидаги илмий ишларда ҳам шу каби ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширмоқчимиз.

Хориждаги нуфузли тиббиёт университетларининг Фарғонадаги ҳамкасбларига қизиқиш билдираётгани бежиз эмасди. Чунки илмий-амалий анжуман чоғида мураккаб жарроҳлик анжумани – жигар кўчириш маҳорат мактаби намойиш қилинган эди.

– Бу албатта тарихий кун. Дунёда тиббиёт даражаси қандайлиги жигар кўчириб ўтказиш тажрибаси қай даражада эканлиги билан ҳам белгиланади. Фарғона вилоятида бундай жарроҳик амалиёти Миллий тиббиёт маркази, кўп тармоқли шифохона ва Марказий Осиё халқаро тиббиёт университети жарроҳлик кафедраси билан биргаликда  бажарилиши қувончли воқеа. Бемор ўзини жуда яхши ҳис қилмоқда. Конференция давомида бу жарроҳлик амалиёти натижаси алоҳида муҳокама қилинди ва унга юқори баҳо берилди. Бу эса  ҳар биримизнинг ютуғимиздир, – дейди Нурилло Мамасодиқов.

– Ҳар қандай амалиёт илм ва тажрибага таянади. Шунинг учун ҳам Марказий Осиё халқаро тиббиёт университети вакиллари шу кунларда Америка сафарига ҳозирлик кўрмоқда.

– Бу йил Президентимиз икки бор Америка қўшма штатларига ташриф буюрдилар. Натижада бизга кенг йўллар очилди. Олдимизга катта мақсадларни қўйдик. Шу ой охирида АҚШга бориб унинг дунёга машҳур Пицебург университети билан олий малакали ҳамширалар тайёрлаш юзасидан шартномалар тузамиз. Ҳозир бу ҳақида онлайн музокаралар олиб боряпмиз. Биз тиббиётдаги Америка тажрибасини Фарғонага олиб келиб, биргаликда қўшма дастурлар асосида иш олиб борамиз, – дейди университет ректори.    

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/IrN8ttQyFJQ" title="Tibbiyotda xalqaro hamkorlik rivojlanmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА