Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тиббиётда симуляцион таълим бўйича халқаро тажриба алмашинуви
18:13 / 2025-11-17

Бугунги кунда тиббий таълимда симуляцион технологияларни қўллаш мутахассислар тайёрлашда энг самарали йўналишлардан бирига айланмоқда. Бу усул орқали талабалар ва шифокорлар клиник хатоларсиз, хавфсиз муҳитда амалий кўникмаларни пухта ўзлаштиради, мураккаб ҳолатларга тайёргарлик даражаси ошади. Шу мақсадда Андижон давлат тиббиёт институтида “Тиббиётда симуляцион таълим: муаммолар, ечимлар ва истиқболлар” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди.

Тадбир онлайн ва офлайн форматларда ўтказилди. Анжуманда институт ректори Мадаминжон Мадазимов сўзга чиқди. Ректор маърузасида симуляцион таълимнинг долзарб аҳамиятига тўхталиб, замонавий ўқитиш технологияларисиз рақобатбардош тиббиёт кадрларини тайёрлаш мумкин эмаслигини таъкидлади.

[gallery-26290]

Шу билан бирга, халқаро анжуман мутахассислар учун тажриба алмашиш, мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш ва келгуси вазифаларни белгилаш имконини бериши қайд этилди. 

Шунингдек, бир қатор тажрибали профессор ва экспертлар томонидан амалий машғулотлар ўтказилди. Россиялик профессор Н.Каткова томонидан туғруқ қабул қилиш бўйича кўникмалар, З.Зарипова томонидан оғир клиник вазиятларда ҳаракатлар, И.Кант университети мутахассислари томонидан реалистик симуляция технологиялари, Германиядан профессор М.Горшков томонидан эса тиббий симуляция ва таълим жараёнида сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича маҳорат дарслари ташкил этилди.

Мазкур анжуман симуляцион таълимнинг ўқув жараёнидаги роли тобора ортиб бораётганини яна бир бор намойиш этди. Халқаро тажриба алмашинуви эса нафақат методик янгиланишга, балки соҳа мутахассисларининг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади. Андижонда ўтган бу ҳамкорлик майдони келгуси йўналиш ва ташаббуслар учун мустаҳкам асос бўлиб қолди.

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА