Президентимизнинг 2020 йил 12 октябрдаги “Бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида соҳадаги коррупцион ҳолатларни бартараф этиш, тиббиёт тизимини шаффоф тизимга айлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси амалга ошириб келинмоқда.
Ушбу фармон ижроси ва мазкур лойиҳа доирасида Сирдарё вилояти туман ва шаҳарларида соғлиқни сақлаш тизимининг даволаш-профилактика муассасаларида амалга оширилаётган ишлар ўрганилмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вакилларидан иборат ишчи гуруҳи вилоятдаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Сирдарё филиали, тез тиббий ёрдам – 103 хизмати марказлари, туғруқ комплекси ва оилавий поликлинакаларда бўлиб, ўрганиш ишларини олиб бораётир.
Ўрганишлар давомида ишчи гуруҳи аъзолари – тиббиёт муассасаларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар, бепул ва пуллик тиббий ҳизмат кўрсатиш тизими, тиббиёт муассасаларининг жорий ҳолатлари, тиббий жиҳозлар, дори воситалари билан таъминланганлик даражаси, меҳнат муносабатларидаги коррупция ҳолатлари, ишга қабул қилиш, мутахассислар билан таъминланганлик даражаси ўрганилди. Шунингдек, лавозимга тайинлаш бўйича тартиб-қоидалар, бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотлар, замонавий ахборот технологияларини жорий этиш, (электрон поликлиника, туғилиш ва ўлимни қайд этиш ва бошқалар), соҳада “комплеанс-назорат” тизимини жорий этиш ҳолатлари ва ушбу йўналишларда коррупцион омилларни ўрганиш, ходимлар ва аҳоли ўртасида аноним сўровнома ўтказилмоқда.
Ишчи гуруҳи аъзоларининг мазкур ўрганишлари якуни бўйича маълумотлар ва ўтказилган сўровномалар умумлаштирилиб, ҳудуддаги тиббиёт муассасаларида коррупциявий ҳолатлар, уларни келтириб чиқараётган сабаблар таҳлил қилинади.
Муаммоларни бартараф этиш ва коррупциявий муносабатларнинг олдини олиш, энг асосийси, тизимда халқ розилигини таъминлашга қаратилган тегишли тавсиялар ишлаб чиқилади. Муҳими, “тиббиётда коррупцияга ўрин йўқ”, деган ғоя асосида иш олиб борилади.
А.Қаюмов, ЎзА