Ўзбекистон Республикаси Президенти “Республика соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, илғор хорижий тажриба асосида аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг янги тизими жорий этилади. Тизимнинг асосий мақсадлари:
а) халқаро тажрибага асосланган аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг янги моделини жорий қилиш;
б) бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари, хусусан, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари, оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар, маҳалла тиббиёт пунктлари фаолиятини ягона ёндашув асосида ташкил қилиш орқали аҳолига тиббиётни янада яқинлаштириш;
в) аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишда оилавий шифокор улушини 70 фоизга етказиш;
г) соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш ҳамда тиббиётда қоғозбозликни камайтириш орқали тиббиёт ходимлари иш юкламасини 30 фоизгача камайтириш;
д) аҳолининг бирламчи тиббий-санитария ёрдамидан розилиги даражасини 85 фоиздан ошириш;
е) тиббиёт ходимларини самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичлари асосида моддий рағбатлантириш тизимини жорий қилиш;
ж) тиббиёт бригадалари ходимларининг билим ва кўникмаларини оширишдан иборат бўлади.
ЎзА