Сўнгги йилларда дунё соғлиқни сақлаш тизими жиддий синовларга дуч келди. Пандемиялар, инфекцион касалликларнинг қайта авж олиши, аҳоли саломатлигига таъсир этувчи ижтимоий ва экологик омиллар тиббиёт олдига мутлақо янги вазифаларни қўйди. Шу билан бирга, замонавий тиббиёт, илмий тадқиқотлар ва глобал ҳамкорлик туфайли инсон саломатлигини асраш борасида салмоқли ютуқларга эришилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2025 йил якунлари бўйича эълон қилган ҳисоботи ана шу ижобий ўзгаришларнинг ёрқин ифодасидир. Унда жаҳон тиббиётида инсон ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилаётган бешта энг муҳим йўналиш алоҳида қайд этилган.
Ҳисоботда айтилишича, туберкулёз ҳали ҳам дунёда энг хавфли инфекцион касалликлардан бири бўлиб қолмоқда. У ҳаво-томчи йўли орқали юқади ва кўпинча иммунитети заиф инсонларда оғир кечади. Аммо сўнгги ўн йил ичида бу касалликдан ўлим даражасининг сезиларли камайиши глобал тиббиёт учун катта ютуқ сифатида баҳоланмоқда. Айниқса, Африка минтақасида ўлим кўрсаткичлари 46 фоизга, Европа минтақасида эса 49 фоизга пасайгани аҳамиятлидир. Бу натижалар эрта ташхис қўйиш, замонавий антибиотиклардан фойдаланиш, даволашга риоя этилишини назорат қилиш ҳамда профилактик тадбирлар самараси ҳисобланади. Шу билан бирга, ЖССТ силга қарши курашда ОИТС, қандли диабет, чекиш ва тўйиб овқатланмаслик каби хавф омилларини камайтириш муҳимлигини таъкидламоқда. Чунки бу ҳолатлар касалликнинг оғир кечиши ва ўлим хавфини оширади.
Инсон саломатлиги учун энг катта таҳдидлардан яна бири бўлган қизамиққа қарши курашда ҳам эмлаш дастурлари ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Оммавий вакцинация натижасида ўтган йилда қизамиқдан ўлим кўрсаткичи 2000 йил бошига нисбатан қарийб 90 фоизга камайди. Бу миллионлаб инсонлар ҳаёти сақлаб қолинганини англатади. Қизамиқ ўта юқумли бўлиб, асоратлари орасида ўпка яллиғланиши, мия шикастланиши ва ҳатто ўлим ҳолатлари кузатилиши мумкин. Шунга қарамай, айрим мамлакатларда эмлаш қамровининг етарли эмаслиги сабабли касаллик қайта авж олмоқда. Бир йил аввал дунё бўйлаб тахминан 11 миллион кишига қизамиқ ташхиси қўйилгани бунга яққол мисолдир. Мутахассислар бу муаммони ҳал этиш учун аҳоли ўртасида ишончли тиббий ахборотни кучайтириш ва эмлашга нисбатан салбий муносабатларни бартараф этиш зарурлигини қайд этмоқда.
Жаҳон тиббиётида айрим инфекцион касалликларни тўлиқ бартараф этишга эришилгани эса тарихий аҳамиятга эга воқеликдир. Мальдив оролларининг ОИТС, сифилис ва гепатит В инфекцияларининг онадан болага юқишини тўлиқ тўхтатган давлат сифатида эътироф этилиши профилактика ва тиббий назоратнинг юқори самарасини кўрсатади. Бу касалликлар қон, жинсий алоқа ёки туғруқ пайтида юқиши мумкин бўлиб, ўз вақтида даволанмаса, оғир асоратларга олиб келади. Шунингдек, Бурунди, Миср ва Фижи трахомага, Гвинея ҳамда Кения уйқу касаллигига, Нигерия эса онхоцеркозга бутунлай барҳам бергани аҳолининг турмуш сифати ва меҳнат қобилиятини оширишда муҳим омил бўлмоқда.
Безгакка қарши кураш ҳам янги босқичга кўтарилди. Бу касаллик асосан чивинлар орқали юқади ва ҳар йили миллионлаб инсонларнинг ҳаётига хавф солади. 2025 йилда Грузия, Суринам ва Тимор-Лештининг “безгакдан холи давлатлар” сифатида тан олиниши тизимли профилактика, санитария чоралари ва эмлашнинг самарасини намоён этди. Африканинг яна 7 та мамлакатида безгакка қарши эмлаш жорий этилгани эса касалликни глобал миқёсда чеклашга хизмат қилмоқда. Ҳозирда безгакка қарши вакциналар дунёнинг 24 давлатида қўлланилмоқда ва бу чора-тадбирлар туфайли тахминан 170 миллионта касалланиш ҳамда 1 миллионга яқин ўлим ҳолатларининг олди олинган.
Эмлаш дастурларининг кенгайиши менингит, полиомиелит, пневмококк ва ротавирус инфекциялари каби хавфли касалликлардан ҳимояни кучайтирмоқда. Айниқса, бачадон бўйни саратонининг асосий сабаби бўлган инсон папиллома вирусига қарши вакцинация аёллар саломатлигини сақлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўтган йили дунё бўйлаб 86 миллион нафар қиз ОПВга қарши вакцина олган. Эмлаш ва скрининг текширувлари кучайтирилиши натижасида Бразилия, Хитой, Индонезия, Нигерия, Покистон ва Руанда бачадон бўйни саратонини тўлиқ бартараф этиш арафасида турибди.
Ўзбекистон ҳам сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотлар орқали жаҳон тажрибасини босқичма-босқич жорий этмоқда. Мамлакатимизда эмлаш миллий тақвими кенгайтирилиб, болалар ва аёллар саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган дастурлар кучайтирилмоқда. Сил, безгак ва бошқа инфекцион касалликларга қарши профилактика, эрта ташхис ва бепул даволаш чоралари йўлга қўйилган. Шунингдек, онкологик касалликларни барвақт аниқлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳам давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Бу йўналишдаги ишлар давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида. Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида ҳам алоҳида устувор вазифа сифатида белгилаб берилган. Хусусан, соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, касалликларни даволашдан кўра уларнинг олдини олишга қаратилган профилактик ёндашувни кучайтириш муҳим экани таъкидлаб келинмоқда. Мурожаатномада бирламчи тиббий ёрдамни ривожлантириш, қишлоқ жойларда тиббиёт инфратузилмасини яхшилаш, замонавий диагностика ва даволаш технологияларини жорий этиш орқали инфекцион ва ноинфекцион касалликлар юкини камайтириш вазифалари белгиланган. Бу эса Ўзбекистонда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликларни эрта аниқлаш ва инсон умри давомийлигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар изчил амалга оширилаётганидан далолат беради.
Юртимизда мазкур касалликлар бўйича эпидемиологик вазият барқарор назорат остида бўлиб, халқаро ташкилотлар тавсияларига мувофиқ тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, сил касаллигига қарши курашда эрта аниқлаш, беморларни тўлиқ ва бепул даволаш ҳамда дорига чидамли шаклларининг олдини олишга қаратилган миллий дастурлар жорий этилган. Қизамиқ, полиомиелит, дифтерия ва бошқа юқумли касалликлар бўйича эса оммавий эмлаш орқали эпидемик хавф кескин чекланган. ОИТС ва гепатит В инфекцияларининг онадан болага юқишининг олдини олиш мақсадида ҳомиладор аёлларни мажбурий скринингдан ўтказиш, профилактик даволаш ва эмлаш амалиёти кенг қўлланилмоқда. Безгак, онхоцеркоз каби айрим тропик касалликлар Ўзбекистон учун эндемик ҳисобланмаса-да, миграция ва ташқи хавф омилларини инобатга олган ҳолда санитария-эпидемиологик назорат кучайтирилган. Шу билан бирга, аҳоли ўртасида тиббий маданиятни ошириш, касалликларнинг юқиш йўллари ва олдини олиш чоралари ҳақида тушунтириш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА