Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тиббиёт ютуқлари: Ўзбекистонда илк бор билак-кафт бўғими эндопротезлаш амалиёти муваффақиятли бажарилди
15:24 / 2026-02-26

Юртимизда соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш, аҳолига юқори технологияли ва ихтисослаштирилган тиббий хизматларни яқинлаштириш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Замонавий жарроҳлик усулларини амалиётга жорий этиш, мураккаб операцияларни мамлакатимизда бажариш ва тиббий хизматлар сифатини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Миллий тиббиёт маркази мутахассислари томонидан мамлакатимиз тиббиёти тарихида илк бор билак-кафт бўғимини эндопротезлаш бўйича ноёб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли амалга оширилгани ана шу эзгу мақсадлар рўёби бўлди.  

Мазкур мураккаб операция марказнинг тажрибали ортопед-жарроҳлари жамоаси томонидан, тиббиёт фанлари доктори Рошан Асвар бошчилигида ўтказилди. Бемор автоҳалокат оқибатида билак суягининг оғир, майдаланиб кетган синиш жароҳатини олган бўлиб, натижада бўғимнинг табиий функцияси деярли йўқолган, қўл ҳаракати кескин чекланган эди.

Жарроҳлик амалиёти давомида шикастланган билак-кафт бўғими замонавий, юқори сифатли эндопротез билан алмаштирилди. Юқори аниқликдаги тиббий ускуналар ва пухта режалаштириш асосида бажарилган операция натижасида беморда қўл ҳаракатини тиклаш, оғриқни камайтириш ҳамда кундалик ҳаёт сифати яхшиланиши учун мустаҳкам замин яратилди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, билак-кафт бўғими эндопротезлаш амалиёти ортопедия ва травматология соҳасидаги энг мураккаб йўналишлардан бири ҳисобланади. Зеро, ушбу бўғим инсон қўлининг нозик ва мураккаб ҳаракатларини таъминлайди. Шу боис, бундай операциялар юқори малака, замонавий технологиялар ва катта тажрибани талаб этади.

Мазкур амалиёт Марказда юқори технологияли жарроҳлик йўналишлари изчил ривожланаётганининг яна бир амалий исботи бўлди. Илгари фақат хорижий клиникаларда бажарилган айрим мураккаб операцияларнинг эндиликда юртимизда амалга оширилаётгани фуқароларга ортиқча вақт ва маблағ сарфламасдан, сифатли тиббий ёрдам олиш имконини яратмоқда.

Билак-кафт бўғимини эндопротезлаш бўйича илк амалиётнинг муваффақиятли ўтказилгани миллий тиббиётимиз учун катта ютуқ, шифокорларимизнинг билим ва маҳорати юксалаётганининг ёрқин ифодасидир. Энг муҳими, ушбу муваффақият инсон саломатлигини асраш, ҳаёт сифатини яхшилаш ва замонавий тиббий хизматларни аҳолига кенг жорий этиш борасидаги ислоҳотларнинг амалий самараси ҳисобланади.

Моҳигул Қосимова, ЎзА