Ховос туманида тиббиёт ходимларининг меҳнат ҳуқуқлари бузилгани бўйича адлия идоралари томонидан ўтказилган ўрганиш натижасида қонунбузилиш ҳолатлари бартараф этилди.
Маълум бўлишича, Ховос туман тиббиёт бирлашмаси реанимация бўлимининг навбатчи ҳамшираси Н. Шерматова ва жарроҳлик бўлими навбатчи ҳамшираси Ш. Жўраева 2025 йил 21 август куни малака ошириш курсларига юборилган бўлса-да, уларга ўртача иш ҳақи тўланмаган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 256-моддасида иш ҳақи тўланадиган ҳолатлар аниқ белгилаб қўйилган. Шунингдек, Кодекснинг 370-моддаси 3-қисмига кўра, иш берувчи ходимни қайта тайёрлаш ёки малака ошириш даврида унинг иш жойи ва ўртача иш ҳақи сақлаб қолиниши шарт.
Бироқ ўрганиш жараёнида тиббиёт бирлашмаси томонидан мазкур талабларга амал қилинмагани аниқланди. Бу ҳолат ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлган.
Шу муносабат билан Ховос туман адлия бўлими ходимлар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида тиббиёт бирлашмаси раҳбариятига тақдимнома киритди.
Адлия органларининг тезкор аралашуви натижасида, ходимлар фойдасига 5 миллион 16 минг 422 сўм миқдоридаги ўртача иш ҳақи ундирилиб, уларнинг меҳнат ҳуқуқлари тўлиқ тикланди.
– Меҳнат ҳуқуқлари — фуқароларнинг энг асосий конституциявий кафолатларидан бири. Ҳар бир иш берувчи меҳнат қонунчилиги талабларига қатъий риоя қилиши шарт. Малака ошириш ёки қайта тайёрлаш даврида ходимнинг иш жойи ва ўртача иш ҳақини сақлаб қолиш — иш берувчининг қонуний мажбуриятидир. Бундай масалаларда адлия органлари ходимлар манфаатларини ҳимоя қилишда доимо ташаббускорлик билан иштирок этади, – дейди Ховос туман юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи Жавоҳир Комилов.
Ғулом Примов, ЎзА