Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази Навоий филиалининг 7 нафар раҳбар ва педагоги бир ҳафта мобайнида вилоят ҳокими ташаббуси ҳамда ҳомийлиги асосида Япония давлатида малака ошириш мақсадида хизмат сафарида бўлиб қайтди.
Филиал раҳбари Вали Тўрақулов мухбиримизга сафар таассуротлари ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:
– Малака ошириш даврида Япониянинг тиббиёт муассасалари ва тиббиёт университетларида бўлиб, замонавий тиббий технологиялар, ўқув дастурлари билан танишдик. У ерда талабалар компьютер технологияларини мукаммал эгаллаган бўлиши, беморлар билан тўғри мулоқот ўрната олиши, даво ва муолажаларни амалга ошириш кўникмаларини эгаллаганлиги бўйича “Миллий имтиҳон” топшириб, сертификатга эга бўлади. Бу эса ўз ўрнида фаолият давомида камчиликларга йўл қўймаслик, беморларни реабилитация қилишда ёрдам беради.

“AOIKAI” корпорациясига қарашли “Joso no Sato” ўзаро таъсир ва меҳрибонликка тўла тиббиёт маскани, Chiba шаҳридаги “Kashiwa Rehabilitation Hospital” реабилитация шифохонаси ва реабилитация академиясида, “Kashiwa Rehabilitation ollege”, “Iryo Sousei” университетлари, “Kashiwa Tanaka” шифохонаси ва “Қариялар реабилитация маркази”да беморларга яратилган шарт-шароитлар, уларга кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати, парвариш ҳамшираси ва бемор ўртасидаги мулоқот жараёнлари, беморларни парваришлаш ҳамда уларни соғломлаштиришни ташкиллаштириш бўйича олиб борилаётган хизматлар тўғрисида маълумотларга эга бўлдик.

Таъкидлаш ўринлики, Японияда қариялар сонининг кўплиги ҳамда парвариш ва ғамхўрликка муҳтож эканлиги инобатга олинган ҳолда “парвариш ҳамшираси” йўналиши ташкил этилган.
“AOIKAI” корпорацияси Япониядаги 150 дан ортиқ компанияни ўз ичига оладиган энг йирик ташкилотлардан бири ҳисобланади. Унинг таркибида 13 та тиббий таълим муассасаси, 15 та гигант компанияр, 40 та тиббиёт касалхонаси, фармацевтика ва стоматология маркази, 90 дан ортиқ реабилитация маркази мавжуд.
“Joso no Sato” тиббиёт маскани директори Жосоно Сатадус муассасада парваришга ва ижтимоий ҳимояга муҳтож барча қарияларни парваришлаш, уларга ғамхўрлик қилиш жараёнлари билан таништирди.

Тиббиёт муассасасида беморларни даволаш ва уларни реабилитация қилиш 3 та асосий омилга асосан амалга оширилади.
Яъни ПT - физиотерапия муолажаси бўлиб, беморга мушаклар фаолиятини яхшилаш мақсадида юриш, қисқа масофада ҳаракатланиш, қўл ва оёқ, бўйин машқлари ва массажлар, сув ванналарини комплекс равишда амалга ошириш кўзда тутилади.OT - қалб билан ёндашишда беморларни ҳурмат қилиш, меҳрибонлик кўрсатиш, руҳий ҳолатини яхшилаш, ижтимоий қарашларини ошириш устувор вазифа ҳисобланади.

СT - тил билан боғлиқ тиббий таълим соҳа мутахассислари орқали даво муолажалари амалга оширилади.
Япония олий таълим масканлари электрон ҳисоблаш машиналари ва бошқа ўқув техника воситалари билан тўлиқ таъминланганлигига қарамай, асосий эътибор ўқитувчи фаолияти ва дарсликка қаратилган. Уларнинг фикрича, ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги жонли мулоқот ўрнини ҳеч нарса, такомиллашган машина ҳам боса олмайди. Бу тизим ўқув дастурларида ҳам ўз аксини топган.

“Iryo Sousei” хусусий университетида эса “Ҳамширалик иши” дастурининг Японияда шакллантирилиши ҳақида маълумот берилди. Шу билан бирга ўқув дастурлари ва ўқув режалари устида ўзаро фикр алмашилди, келгусида ҳамкорликда ишлаш бўйича истиқболли режалар тузиб олинди.
Тадбир якунида “AOIKAI” томонидан 200 дан ортиқ ўқув адабиёти совға қилиниб, малака ошириш курси қатнашчиларига “Тиббиёт муассасасида ҳамширалар учун касбий таълим тизими орқали тиббий технологиялар бўйича тренинг” мавзусидаги сертификатлар топширилди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Япониядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Муҳсинхўжа Абдураҳмонов билан учрашув ўтказилиб, тиббиёт соҳасида келгусида амалга ошириладиган истиқболли режалар, “AOIKAI” корпорацияси билан ҳамкорлик ишлари муҳокама қилинди.
Маълумот ўрнида: Малака ошириш курси якунида “AOIKAI” тиббиёт корпорациясининг “Iryo Sousei” унверситети проректори, профессор Тагучи Набутака томонидан Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази Навоий филиали директори Вали Тўрақуловга унверситетнинг илмий кенгаши қарорига асосан соғлиқни сақлаш соҳасига қўшган ҳиссаси ва илмий-ижодий фаолияти юксак эътироф этилиб, “Фахрий профессор” илмий унвони топширилди.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири