ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро шаҳридаги 4-Оилавий поликлиникада соғлом турмуш тарзи асослари ва юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси бўйича тиббий семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Аҳоли соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази мутахассислари, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси вакиллар, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари, амбулатор-поликлиника муассасалари мудирлари ҳамда тиббиёт бригадалари аъзолари иштирок этди.
Семинар аҳоли ўртасида тиббий маданиятни шакллантириш, касалликлар профилактикасига кенг қамровли ёндашишга қаратилган “Соғлом овқатланиш” тарғиботи ва “Жисмоний фаоллик”ни ошириш концепциясини ҳаётга татбиқ этиш, ҳудудларда соҳа мутахассисларини жалб этган ҳолда соғлом турмуш тарзи асослари ва юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, бу йўналишда устувор бўлган вазифаларни аҳолига кенг тушунтириш мақсадига қаратилган.
[gallery-7626]
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, жисмоний фаоллик ҳамда овқатланиш меъёр ва қоидаларига амал қилмаслик, таркибида туз, қанд, ёғ миқдори кўп бўлган таом ва ширинликларни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш, шунингдек, етарли даражада витамин ва минераллар истеъмол қилмаслик оқибатида ёшларда рационал ўсиш ва ақлий ривожланишда ортда қолиш, катталарда эса юрак қон-томир, эндокрин, хавфли ўсма каби инсоннинг эрта ўлимига олиб келувчи қатор касалликлар ривожланишига сабаб бўлади. Аҳолининг соғлом овқатланиши ва жисмоний фаоллигини таъминлашда давлат сиёсатини янада мустаҳкамлаш, юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш, ҳар бир фуқарода соғлом овқатланиш ва жисмоний фаоллик маданиятини шакллантиришда тиббиёт ходимлари билиши ва тарғиб қилиши керак бўлган устувор вазифалар белгиланган. Семинарда бу йўналишдаги мавжуд чора-тадбирлар ва уларни самарали амалга ошириш механизмлари тўғрисида сўз борди.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат),ЎзА