Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш тизимида фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари учун Зомин миллий табиат боғига саёҳат ташкил этилди. Ушбу ташриф тиббиёт ходимларининг самарали дам олиши, уларнинг иш унумдорлиги ва касбий мотивациясини ошириш мақсадида, замонавий экотуризм имкониятларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилди.
– Зомин миллий табиат парки ва Зомин давлат қўриқхонаси нафақат табиий бойликларга, балки инсон саломатлиги учун бебаҳо экомуҳитга эга, – дейди Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти ҳудудий бўлими бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Ҳамширалар Ассоциацияси Сирдарё вилояти бўлимининг раиси Тожихон Гафорова.

– Бу ердаги экологик туризм имкониятлари – тоза ҳаво, табиат бағрида дам олиш, ҳам руҳий, ҳам жисмоний соғломлашувнинг муҳим омилидир. Айниқса, тиббиёт ходимлари учун бундай дам олиш тадбирлари ижобий психологик муҳит яратишга хизмат қилади.
– Зомин каби гўзал масканлардаги экосаёҳатлар инсонни нафақат табиатга, балки хотиржамликни ҳис этадиган муҳитга олиб киради. Тоза ҳаво, баланд тоғлар, табиат бағридаги ҳордиқ – биз каби аҳоли саломатлиги учун масъул бўлган мутахассислар учун жуда зарур. Бундай ташаббуслар ходимларнинг баланд кайфиятда фаолият олиб боришларида муҳим аҳамиятга эга, – дейди Давлат тиббий суғуртаси жамғармасининг бош мутахассиси Юсуф Мирхонов.

– Зоминдаги экотуризм инфратузилмаси сўнгги йилларда тубдан янгиланди. Юқори сифатли дам олиш масканлари, кенг қулайликка эга оромгоҳлар, тоза ичимлик суви ва тиббий хизматлар – буларнинг барчаси касб фидойилари учун катта имкониятдир. Шу билан бирга, кабел-йўл, экологик маршрутлар, замонавий йўллар ва транспорт хизматлари – соҳага давлат миқёсидаги жиддий эътибор натижасидир, – дейди Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Ёрбек Маманазаров.

Зомин тоғ тизмалари бағрида жойлашган миллий боғ ва давлат қўриқхонаси ҳудудида тиббиёт ходимлари табиат бағрида ҳордиқ чиқариш, пиёда сайрлар уюштириш, тоза ҳавода нафас олиш, баландликдаги гўзал манзаралардан баҳра олиш ҳамда экосаёҳат инфратузилмасидан фойдаланиш имконига эга бўлдилар.
Саёҳат доирасида “Суффа платоси” каби баланд нуқталарга кабел-йўл орқали кўтарилиш, гўзал манзаралар ва табиат бағридаги тинч муҳитда маънавий ва жисмоний дам олиш имкони яратилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири