Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тиббиёт ходимлари шарафланди
15:39 / 2025-11-08

Навоий вилояти Кармана туманидаги “Оқсарой” тантаналар масканида Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан тадбир ташкил этилди.

Унда сўзга чиққанлар сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, уни жаҳон талаблари даражасига кўтариш ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталди.  

Таъкидланганидек, аҳолига юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа ходимларининг билими ва касб маҳоратини ошириш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар бугун ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

– Бундан 4-5 йил олдин вилоятимизда 130 тага яқин бирламчи тиббий ёрдам муассасалари фаолият юритган бўлса, бугунги кунга келиб улар 2,5 бараварга оширилди. Биргина жорий йилнинг ўзида вилоятда янгидан 8 та оилавий шифокорлик пункти, 6 та оилавий поликлиника ҳамда 116 та маҳалла тиббиёт пункти фаолияти йўлга қўйилди, – дейди Навоий вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Нурали Сафоев. – “Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар вақти” лойиҳаси доирасида муассасаларда қулай ҳаракатланиш, биноларнинг ёритиш тизими яхшиланди. Тўсиқсиз рўйхатхона ва кутиш заллари ташкил этилиб, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида стационар ётоқ ўринлари шошилинч ҳолларда фойдаланиладиган чақирув тугмалари билан жиҳозланди. Биноларни ногиронлар ва ҳаракати чекланган шахслар учун қулайлик яратувчи махсус мосламалар билан жиҳозлаш натижасида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати янада яхшиланди.

Маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан тиббиёт муассасалари 1200 тадан ортиқ замонавий компьютер техникалари билан таъминланиб, уларнинг рақамлаштириш имкониятлари кенгайтирилди. Шунингдек, жорий йилда 27 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, уларнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш мақсадларига 66 миллиард сўмлик маблағ йўналтирилди. Бу ўтган 2024 йилга нисбатан 20-25 фоизга кўп демакдир.  

Сўнгги икки йилда 250 нафар шифокор хорижий давлатларда малака ошириб келди. Янги даволаш ва текширув усуллари йўлга қўйилиб, чет эл тажрибасини вилоятда татбиқ этиш орқали тиббий хизмат сифатини оширишга эришилмоқда.

[gallery-26155]

Биргина жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда 3 минг 301 нафар беморда юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Шунингдек, 54 нафар болада юрак туғма нуқсонларини бартараф қилиш бўйича жарроҳлик амалиётлари ўтказилиб, улар соғлом ҳаётга қайтарилди.  

Тадбирда тизимда меҳнат қилаётган бир гуруҳ фаолларга фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ва “Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллиги” эсдалик нишони ҳамда совғалар топширилди.  

Санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар эса даврага кўтаринки кайфият улашди.

А.Бўриев, ЎзА мухбири