Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тиббиёт хабарлари
13:55 / 2026-02-17

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти полиомиелитнинг 2-турига қарши янги вакцина(nOPV2)ни тасдиқлади.

Қайд этилишича, ушбу восита амалиётга киритилгач, мазкур касалликнинг авж олишини чеклаш мумкин бўлади.  

ЖССТ маълумотларига кўра, оғизга томчи орқали қабул қилинадиган nOPV2 препарати амалда қўлланилаётган муқобилларига нисбатан юқори генетик барқарорлик ва самарадорликка эга. Янги эпидемиялар пайдо бўлиши хавфини камайтиради.

Шу маънода, янги вакцинадан фойдаланиш кўплаб мамлакатларни полиомиелитдан холи ҳудудларга айлантириш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, полиомиелит ўткир шол касаллиги бўлиб, асаб тизими, айниқса, орқа мияни шикастлайди. Асосан 5 ёшгача бўлган болаларга бу вируснинг юқиш хавфи юқори ҳисобланади. Баъзан фалажлик ва ўлим ҳолатларини келтириб чиқариши мумкин.

***

Миллий тиббиёт марказида навбатдаги ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди. Унда марказ бўлимлари раҳбарлари ва мутахассислари иштирок этиб, 2025 йил давомида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳамда фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган ташаббуслар юзасидан ҳисоботлар тақдим этилди.

Йиғилиш давомида бўлимлар фаолияти ҳар томонлама таҳлил қилиниб, эришилган ютуқлар билан бир қаторда йўл қўйилган камчиликлар ва мавжуд муаммолар ҳам очиқ муҳокама этилди. Уларни бартараф этиш, хизматлар сифатини янада ошириш ва ички тизимни такомиллаштириш бўйича аниқ таклиф ҳамда тавсиялар билдирилди.

Шунингдек, 2026 йилга мўлжалланган устувор режалар, янги лойиҳалар ва ривожланиш йўналишлари белгилаб олинди. Йиғилиш якунида келгусида амалга ошириладиган вазифалар юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилиб, жамоанинг олдига аниқ мақсадлар қўйилди.

***

Миллий тиббиёт марказининг трансплантолог мутахассислари жамоаси раҳбари А.Бобожонов бошчилигида Фарғона ва Наманган вилоятларида бепул тиббий кўрик ва маслаҳатлар ташкил этилмоқда.

Хусусан, 16-18 февраль Фарғона вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида, 19-20 февраль Наманган вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида

соат 08:00 дан 18:00 гача жигар циррози, жигарнинг яхши ва ёмон сифатли ўсмалари, ўт йўллари касалликлари, ошқозон ости бези патологиялари, қорин бўшлиғи аъзоларининг жарроҳлик касалликлари бўйича консультациялар ўтказилмоқда.

Маълумот учун,  +998 90 936 69 31 телефон рақамлари орқали олдиндан рўйхатдан ўтиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз,  трансплантологлар жамоаси томонидан ўтказилаётган ушбу тиббий кўриклар бепул.

***

Шунингдек, Миллий тиббиёт маркази мутахассислари томонидан яна бир хайрли иш йўлга қўйилмоқда. Гап шундаки, Рамазон ойи муносабати билан бир  ой давомида бепул стоматологик маслаҳатлар берилади.

Акция доирасида тиш оғриғи безовта қилаётган, профилактик кўрикдан ўтмоқчи ёки оғиз бўшлиғи саломатлиги бўйича маслаҳат олмоқчи бўлганлар қабул қилинади.

Моҳигул Қосимова, ЎзА