Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тиббиёт хабарлари
18:03 / 2026-02-12

Миллий тиббиёт марказида Ўзбекистонда илк бор бош миянинг интрасеребрал гематомаси ҳолатида замонавий эндоскопик усулда гематомани олиб ташлаш амалиёти муваффақиятли амалга оширилди.

Мазкур юқори технологияли жарроҳлик амалиёти тажрибали нейрохирург, Шоҳрух Зиявулладинов бошчилигидаги мутахассислар жамоаси томонидан бажарилди.

Эндоскопик усулнинг афзаллиги шундаки, операция минимал инвазив йўл билан амалга оширилиб, соғлом тўқималарга шикаст етиш даражаси камаяди, беморнинг тикланиш жараёни эса анча тезлашади.

Амалиёт муваффақиятли якунланиб, беморнинг ҳолати барқарорлашди. Бу эса мамлакатимиз нейрохирургияси ривожида муҳим босқич бўлиб, замонавий тиббий технологияларни амалиётга жорий этиш борасидаги навбатдаги ютуқдир.

***

Нуфузли “PizzaPitch HealthTech” танловида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг PharmaNext инкубация дастури доирасида қўллаб-қувватланаётган стартап лойиҳалар совринли ўринларни эгаллади.

Хусусан, иккинчи ўрин AmnioTest лойиҳасига берилди. Ушбу ишланма амниотик суюқлик оқишини аниқлашга мўлжалланган тест тизимини ишлаб чиқишга қаратилган.

Учинчи ўрин NeuronixAi лойиҳасига насиб этди. Мазкур дастур сунъий интеллект технологиялари асосида мия касалликларини эрта аниқлаш имконини беради.

Мазкур лойиҳалар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг (UNDP) «Рақамли иқтисодиёт ва рақамли тадбиркорликни ривожлантириш учун ёшлар имкониятларини кенгайтириш» қўшма лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.

Танлов натижалари соғлиқни сақлаш соҳасида рақамли технологиялар, сунъий интеллект ҳамда DeepTech йўналишида инновацион ишланмаларни жорий этишга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш самарадорлигини кўрсатади.

***

Ургут туманида электрон рецепт тизимини жорий этиш бўйича ишлар ўрганилди. Қайд этилганидек, ушбу тизим дори-дармон айланишида шаффофликни таъминлайди. Рецепт асосида берилган дори воситалари бўйича ишончли маълумотлар базасини шакллантиради.

Тизимни жорий этиш жараёнида фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази мутахассислари дорихоналар ходимлари билан учрашув ўтказиб, техник ва ташкилий жиҳатларни муҳокама қилди ҳамда амалиётдаги муаммоларни аниқлаб, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

***

Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғига асосан Феруз Хомидов Болалар миллий тиббиёт маркази Оролбўйи клиникаси бош шифокори этиб тайинланди.

Ф.Хомидов 2013 йил Бухоро давлат тиббиёт институтининг бакалавр, 2016 йил Тошкент тиббиёт академиясининг магистратура босқичини тамомлаган. Шунингдек, Жанубий Кореянинг Чоннам Миллий университетида докторантура, Тошкент Вестминстер университетида менежмент йўналишида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида таҳсил олган.

Турли йилларда 1-сон Республика клиник шифохонаси жарроҳи, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ихтисослаштирилган тиббий хизматни ривожлантириш ҳамда Давлат хусусий шерикликни ривожлантириш бошқармалари етакчи мутахассиси, Фан ва таълим бошқармасида бош мутахассис, бўлим бошлиғи лавозимларида ишлаган.

Тиббиёт фанлари доктори (DSc) Ф. Хомидов тайинловга қадар Болалар миллий тиббиёт маркази директорининг ҳудудлар билан ишлаш бўйича ўринбосари вазифасида фаолият кўрсатиб келаётган эди.

Янги раҳбарга Оролбўйи минтақасида яшовчи болаларга юқори малакали тиббий хизмат кўрсатиш, муассаса фаолиятини халқаро стандартлар даражасига кўтариш, илмий салоҳиятли мутахассислар тайёрлаш, диагностика ва даволаш ишларига сунъий интеллект технологияларини кенг жалб қилиш, рақамлаштириш жараёнини янада такомиллаштириш каби қатор вазифалар юклатилди.

Моҳигул Қосимова тайёрлади,

ЎзА