Пойтахтимизда “Гиёҳвандлик воситаларига қарам бўлган беморларни даволаш тизимини такомиллаштириш” мавзусида халқаро илмий-амалий семинар ташкил этилди.
Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими мутахассислари, наркология ва руҳий саломатлик йўналишида фаолият юритаётган етакчи олимлар, амалиётчи шифокорлар ҳамда хорижий экспертлар иштирокидаги тадбирда наркотик моддаларга қарамликни инновацион диагностика усуллари ёрдамида аниқлаш ва самарали даволаш, беморларни ижтимоий реабилитация қилиш, шунингдек, касалликнинг олдини олиш бўйича таъсирчан чоралар ҳақида сўз борди.
– Шифохонагача бўлган босқичда, шунингдек, гиёҳванд моддалар ва психоактив моддалардан заҳарланиш муаммолари ҳам мавжуд бўлиб, улар интенсив терапия ва диагностика талаб қилади, – деди Республика тез тиббий ёрдам маркази директори Абдувоитжон Ғафуров. – Бундай масалаларда протоколлар ва стандартлар, клиник тавсиялар, дори воситаларини қўллаш ва бошқаларни ишлаб чиқиш бўйича ихтисослашган ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаш керак.
***
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ҳамда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги масъул ходимлари иштирокида Zoom платформаси орқали маҳаллий дори воситалари ишлаб чиқарувчи корхоналар вакиллари билан онлайн мулоқот ташкил этилди.
Мулоқот давомида “RIVER MED PHARM” МЧЖ томонидан давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилган 15 номдаги ҳамда “REKA-MED FARM” МЧЖ ҚК томонидан ишлаб чиқарилган 26 номдаги дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш, шунингдек, рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаларининг амал қилиш муддатини узайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир доирасида тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга масъул мутахассислар томонидан батафсил жавоб олди. Шунингдек, маҳаллий дори воситаларини экспертизадан ўтказиш жараёнида учраётган айрим камчиликларни бартараф этиш юзасидан тадбиркорларга тегишли тавсиялар ва амалий кўрсатмалар берилди.
***
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Хитой Халқ Республикасининг "BeOne Medicines" компанияси делегацияси билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида “Tashkent Pharma Park” фармацевтика кластери доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар, шунингдек кластерни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида атрофлича маълумот тақдим этилди. Шу билан бирга, инвесторлар ва ҳамкорлар учун белгиланган ҳуқуқий, институционал ҳамда молиявий преференциялар, инфратузилмавий қўллаб-қувватлаш чоралари, давлат харидларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга берилаётган имтиёзлар ҳамда экспортга чиқиш жараёнларини рағбатлантириш мақсадида рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ механизмлар муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида томонлар ҳамкорликни амалий босқичга ўтказиш йўналишларини белгилаш ва келгусидаги мулоқотлар давомида техник-таҳлилий масалаларни батафсил муҳокама қилишга келишиб олди.
Шунингдек, делегация “Grand Pharm Logistics” корхонаси фаолияти билан танишиб, компаниянинг логистика тизими, маҳсулотларнинг сақлаш ва тарқатиш жараёнлари ҳамда маҳаллий ва халқаро бозорларга хизмат кўрсатиш салоҳиятини кўздан кечирди.
***
Шунингдек, Марказ масъуллари Афғонистоннинг "Ariana Medical Complex" компанияси раҳбарияти билан учрашди. “Tashkent Pharma Park” фармацевтика кластери доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар, Ўзбекистоннинг фармацевтика салоҳияти ва бозори ҳақида маълумот тақдим этилди.
Афғонистон томони Ўзбекистонни қўшни давлатлар орасида кўп соҳалар бўйича энг яқин ҳамкор сифатида баҳолаб, фармацевтика йўналишида ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр эканини таъкидлади.
“Ariana Medical Complex” Қобул шаҳрида фаолият юритувчи тиббиёт мажмуаси бўлиб, 200 ўринли стационар ва турли ихтисосликлар бўйича амбулатор хизматларини кўрсатади, шунингдек диагностикадан даволашгача бўлган кенг қамровли клиник хизматларни тақдим этади.
Учрашув якунида томонлар конструктив мулоқотни давом эттириш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирди.
Моҳигул Қосимова тайёрлади,
ЎзА