Соғлиқни сақлаш вазирлигида 2025 йилда тиббиётни рақамлаштириш бўйича амалга оширилган ишлар ва қўлга киритилган натижалар, шунингдек, жорий йилдаги устувор вазифалар таҳлилига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Вазир ўринбосари О.Омонов раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда қайд этилганидек, соҳани рақамлаштириш борасидаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлар боис ўтган йилда 37 миллион нафардан зиёд аҳоли DMED тизимига бириктирилиб, уларнинг электрон тиббий картаси тўлиқ шакллантирилди. Шу мақсадда йил давомида 33,2 минг дона компьютер харид қилингани эътиборга молик. Муҳими, бу халқимиз учун катта қулайликлар яратмоқда. Аммо ҳудудларда ўз ечимини кутаётган муҳим масалалар ҳам йўқ эмас. Бу эса жойлардаги масъуллардан янада кўпроқ ҳаракатни талаб этади.
Мулоқот доирасида вазирликнинг Рақамли соғлиқни сақлаш марказида ҳудудий бошқарма бошлиқларининг рақамлаштириш бўйича ўринбосарлари учун амалий семинар ўтказилди.
***
Пойтахтимизда “Инфаркт ва инсультга қарши курашиш” миллий дастури лойиҳаси ҳамда ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларининг янгиланаётган клиник протокол ва даволаш стандартлари муҳокамасига бағишланган тадбир ўтказилди.
Унда Президент Администрацияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази” лойиҳа офиси масъуллари, БМТ, ЖССТ, БМТ Аҳолишунослик жамғармаси ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари вакиллари, тез тиббий ёрдам хизмати ҳамда шу йўналишдаги ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, даволаш муассасалари мутахассислари ва экспертлар иштирок этди.
Таъкидланганидек, инфаркт ва инсульт хасталикларида беморларга кўрсатиладиган шошилинч тиббий ёрдам нафақат уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, балки реабилитация жараёнларини тезлаштиришга ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Шу сабабли мазкур дастур лойиҳасида аҳоли ўртасида ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларини барвақт аниқлаш, уларга кўрсатиладиган тиббий хизматларни янги босқичга олиб чиқиш орқали барвақт ўлим ҳолатлари ва ногиронликни камайтириш, беморларни соғломлаштириш ҳамда реабилитация қилишни яхшилаш, кардиологик ва неврологик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Қайд этилганидек, халқаро дастурлар (“Stent for Life” ва “Action Plan for Stroke”) асосида ишлаб чиқилган “Инфаркт ва инсультга қарши курашиш” миллий дастури дастлаб Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳрида, кейинчалик барча ҳудудларда амалиётга жорий этилиши кўзда тутилган.
Лойиҳага кўра, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларини барвақт аниқлаш мақсадида 30 ёшдан ошган аҳолини йилига бир марта мақсадли тиббий текширувлардан ўтказиш, халқаро стандартлар асосида беморларнинг клиник маршрутлари (clinical pathways)ни амалиётга киритиш режалаштирилган.
Қолаверса, тез тиббий ёрдам бригадаларини сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиш имкониятига эга телеметрик-электрокардиограф ҳамда мониторли дефибриллятор жиҳозлари билан таъминлаш каби яна қатор вазифалар ўрин олган.
Шунингдек, шифохоналар шошилинч ҳолатларда жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун зарур дори ва сарфлов воситалари билан таъминланади. Беморларга шошилинч стационар тиббий хизмат кўрсатишга нодавлат тиббиёт ташкилотлари ҳам жалб қилинади.
***
Яқинда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Ф.Тошпўлатов бошчилигидаги делегация Корея Республикасида бўлиб қайтди.
Хусусан, сафар доирасида вакилларимиз Корея Республикасининг “DK Consultants” компанияси масъуллари билан учрашув ўтказди. Мулоқотда соғлиқни сақлаш соҳасида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ва истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқариш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув асносида мамлакатимизда "103" хизматини янада такомиллаштириш мақсадида компания томонидан ажратиладиган грант маблағи ҳисобидан 100 та тез тиббий ёрдам автомашинасини етказиб бериш бўйича қиймати 7 миллион АҚШ долларига тенг меморандум имзоланди.
Келишувга кўра, мазкур замонавий русумдаги транспорт воситаларини 2026 йилнинг биринчи ярмида харид қилиш режалаштирилган.
Шунингдек, мулоқотда Тошкент шаҳар 7-сон клиник шифохонасини давлат-хусусий шериклик асосида бошқарувга олиш ҳамда Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказида замонавий даволаш биносини барпо этиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Учрашувда мезбон томон Ўзбекистон тиббиёти трансформацияси жараёнида фаол қатнашаётганидан мамнунлигини ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликка доимо тайёр эканлигини билдирди.
***
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан қўллаб-қувватланаётган инвестиция лойиҳаси доирасида “Tashkent Pharma Park” фармацевтика кластери ҳудудида «Shayana Pharmaceuticals» МЧЖ иштирокида замонавий фармацевтик ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Лойиҳани амалга ошириш жараёнлари халқаро GMP стандартлари талабларига тўлиқ мувофиқ ташкил этилиши кўзда тутилган. Мазкур корхонада стерил инъекцион препаратлар (ампула ва флаконлар), шунингдек, қаттиқ шаклдаги дори воситалари: таблетка ва капсулалар ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.
Лойиҳа доирасида фармацевтика тармоғида 350 та янги иш ўрни яратиш, ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, илғор технологияларни жорий этиш, ички бозорни маҳаллий дори воситалари билан таъминлаш ҳамда соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини мустаҳкамлаш кўзда тутилган.
***
Ироқ Республикасидан ташриф буюрган фармацевтика соҳаси вакиллари «Tаshkent Pharma Park» кластери ҳудудида бўлиб, Ўзбекистонда фармацевтика саноатини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар, инфратузилма ечимлари ҳамда ишлаб чиқариш салоҳияти билан танишди.
Ташрифда Ироқнинг қатор етакчи фармацевтика компаниялари вакиллари, жумладан «Kolak Group», «Al Dawa Pharmaceutical Trading Co», «Beit Al Dawa Company», «Nipur Scientific Office for Pharmaceutical Promotion», «Haditha Pharmaceutical Industries Co», «Crystal Scientific Office», «Al-Hayat Scientific Office», «Al-Saafa Pharma Scientific Library», «Hydrogen Pharmaceutical Group», «Alhukamaa Co», «Soma Scientific Office», «Biosun Pharma Co» ҳамда «Nobel Scientific Office» иштирок этди.
Учрашув давомида делегация аъзоларига «Tаshkent Pharma Park» кластери ҳудудида шаклланган инвестицион муҳит, ишлаб чиқариш инфратузилмаси, илмий-тадқиқот ҳамда инновацион фаолият йўналишлари бўйича ахборот берилди. Шунингдек, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар, кластер тизими ва экспортга йўналтирилган ташаббуслар тақдим этилди.
***
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2026 йил 5 январдаги 24-сон буйруғи билан вақтинчалик танқислиги юзага келган дори воситалари ва тиббий жиҳозларни давлат рўйхатидан ўтказмасдан, мажбурий сертификатлаш шарти билан тиббиёт амалиётида қўллаш ва олиб киришга рухсат бериш тартиби тасдиқланди ҳамда Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 августдаги тегишли фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, фавқулодда ҳолатларда, глобал логистика узилишлари ёки ишлаб чиқаришдаги тўхталишлар сабаб муҳим дори воситалари ва тиббий жиҳозлар етишмовчилиги юзага келганда тиббий ёрдамнинг узлуксизлигини таъминлашга қаратилган.
Янги низомга кўра, республикада вақтинчалик танқислик аниқланган тақдирда дори воситалари ва тиббий жиҳозлар билан таъминлаш бир неча механизмлар орқали амалга оширилади. Жумладан, мавжуд захираларни тиббиёт муассасалари ўртасида қайта тақсимлаш, шунингдек, давлат рўйхатидан ўтказилмаган, бироқ мажбурий сертификатлашдан ўтган дори воситалари ва тиббий жиҳозларни тезкор импорт қилиш имконияти яратилади.
Ҳужжатда танқисликни аниқлаш, уни баҳолаш ва бартараф этиш бўйича доимий ишчи гуруҳ фаолияти аниқ белгиланган. Мазкур гуруҳ томонидан дори воситаси ёки тиббий жиҳознинг клиник аҳамияти, аҳоли қамрови, муқобил воситаларнинг мавжудлиги, етказиб бериш муддати ва зарур минимал ҳажмлар асосида қарорлар қабул қилинади. Қабул қилинган қарорлар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий веб-сайтида очиқ эълон қилиниши тартиби жорий этилди.
Шу билан бирга, низомда импорт қилинадиган дори воситалари ва тиббий жиҳозларнинг сифати устидан қатъий назорат сақланиб қолади. Улар мажбурий сертификатланади, рақамли маркировкалаш талабларига риоя этилади ҳамда нарх шаклланишида ижтимоий ҳимоя механизмлари қўлланади. Хусусан, танқислик шароитида олиб кирилган дори воситаларига белгиланган савдо устамаларидан ортиқ нарх қўллашга йўл қўйилмайди.
Янги тартиб ижтимоий аҳамиятга эга касалликлар, шошилинч ва интенсив тиббий ёрдам, она ва бола саломатлиги, онкология, юрак-қон томир ҳамда ҳаёт учун муҳим бўлган узлуксиз даволаш талаб этиладиган йўналишларда дори воситалари ва тиббий жиҳозлар таъминотида узилишларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши соғлиқни сақлаш тизимида тезкорлик, шаффофлик ва масъулиятни кучайтириб, аҳолининг зарур тиббий воситаларга бўлган эҳтиёжини барқарор таъминлаш йўлидаги муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА