Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тиббиёт хабарлари
17:15 / 2025-12-26

“Қон маҳсулотлари сифатининг назорати тизимини такомиллаштириш” лойиҳаси доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Тошкент шаҳар “Қон препаратлари” илмий-ишлаб чиқариш корхонасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъулларининг Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Хирата Кэндзи билан учрашуви бўлиб ўтди.

Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) билан биргаликда амалга оширилаётган, қон сақлаш ва ташиш учун ускуналар таъминотига қаратилган лойиҳа юзасидан фикр алмашилди.  

Лойиҳа доирасида Япония ҳукуматининг 2,3 миллион АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағлари ҳисобига эндиликда мамлакат бўйлаб 14 та ҳудудий қон маркази ва давлат клиникалари тасарруфидаги 3 та қон қуйиш станцияси 7 турдаги 268 та замонавий қон сақлаш ва ташиш ускунаси, 4 турдаги 136 та аксессуар билан жиҳозланади. Бундай ускуналар аввалроқ Республика қон қуйиш марказида ўрнатилганди.  

Мазкур лойиҳа донорлар томонидан берилган қондан ишлаб чиқарилган қон маҳсулотларининг сақланиш муддатини ошириш, хавфсиз қон маҳсулотларидан фойдаланиш имконини беради.

Маълумот учун, жорий йилнинг ноябрь ойидаги учрашувда Япoния ҳукуматининг грант дастури дoирасида маммoграфия аппаратларини етказиб бериш лойиҳаси муҳокама қилинган эди.  

***

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда Фармацевтика техник университети Туркманистоннинг “Altyn Kanun” ташкилоти билан фармацевтика соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида келишув имзолади.

Мазкур келишув икки давлат ҳудудида ишлаб чиқариладиган фармацевтика маҳсулотларини харид қилиш, сотиш, экспорт ва импорт қилиш йўналишларида ҳамкорликни йўлга қўйишни назарда тутади. Бу эса фармацевтика бозорларини кенгайтириш, маҳсулотлар айирбошлаш ҳажмини ошириш ҳамда ўзаро иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шунингдек, келишув доирасида тиббий таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Туркманистон фуқароларини Ўзбекистондаги Фармацевтика техник университетида профессионал таълим олишга йўналтириш режалаштирилган.

Ушбу келишув икки давлат ўртасида фармацевтика ҳамда тиббий таълим соҳаларидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши, илмий-амалий тажриба алмашинувини кенгайтириши ва юқори малакали мутахассислар тайёрлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

***

Миллий тиббиёт маркази мутахассислари иштирокида Нурафшон шаҳар Тиббиёт бирлашмаси Жарроҳлик бўлимида мураккаб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли амалга оширилди.

Беморда йўғон ичак билан қин ўртасида ҳосил бўлган оқма аниқланган бўлиб, бу ҳолат аввал ўтказилган жарроҳлик амалиётидан кейин юзага келган. Бундан ташқари, беморда семизлик ва қон босими билан боғлиқ ёндош касалликлар ҳам мавжуд бўлган.

Шифокорлар томонидан очиқ усулда жарроҳлик қилиниб, зарарланган ичак қисми олиб ташланди ва ичаклар қайта туташтирилди. Амалиёт замонавий жарроҳлик ускуналари ёрдамида бажарилди.

Операция Миллий тиббиёт маркази проктологи, тиббиёт фанлари доктори Абдусамат Рустамов, унинг шогирдлари ҳамда Нурафшон шаҳар Тиббиёт бирлашмаси жарроҳлари билан ҳамкорликда ўтказилди.

Мазкур жарроҳлик амалиёти беморнинг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган бўлиб, ҳудудий тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликдаги самарали ишларнинг яққол намунасидир.

Моҳигул Қосимова, ЎзА