Бугунги кунда Ўзбекистон АҚШнинг Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC) ҳамда бошқа нуфузли ташкилотлари билан сил ва ўпка касалликлари профилактикаси, тиббиёт муассасаларини махсус ускуналар билан жиҳозлаш, гепатит B, С ҳамда бошқа юқумли инфекцияларга қарши курашиш, санитария ва эпидемиология каби соҳаларда ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Таълим йўналишида тиббиёт олийгоҳларимиз ва АҚШнинг қатор билим юртлари, хусусан, Питтсбург, Олбани, Вебстер, Франклин каби университетлари ҳамда кўплаб клиникалари ўртасида мустаҳкам алоқалар ўрнатилган.
Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёровнинг АҚШнинг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Хеник бошчилигидаги делегация билан учрашувида тиббий таълим, инфекцион касалликларни юқори технологиялар ёрдамида ташхислаш, тиббиёт муассасаларини бошқариш, соғлиқни сақлашни рақамлаштириш ва тиббий суғурта каби соҳаларда янги лойиҳаларни йўлга қўйиш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Шунингдек, АҚШ компаниялари билан биргаликда Ўзбекистонда дори-дармон ва фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш, юртимиздаги шифохоналарни замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлаш масалалари батафсил муҳокама қилинди.
***
Тошкент шаҳрида “Неврологик касалликларни ташхислаш ва даволашнинг замонавий жиҳатлари. Мажидов ўқишлари” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилмоқда. Тадбир Тошкент давлат тиббиёт университети ва Ўзбекистон Неврологлари жамоа бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Конференция замонавий неврология соҳасидаги долзарб йўналишларни ўз ичига олди. Жумладан, бош мия қон-томир касалликлари ва спинал инсультларда инновацион диагностика ва даволаш, паркинсонизм ва экстрапирамид бузилишлар, неврореабилитация, болалар неврологияси, генетик ва наслий касалликлар, нейровизуализация ҳамда функционал нейродиагностика масалалари кўриб чиқилди.
Анжуман гибрид форматда ўтказилиб, иштирокчилар учун офлайн ва ZOOM орқали қатнашиш имкони яратилди.
“Ёш олимлар мактаби” махсус сессияси доирасида 35 ёшгача бўлган тадқиқотчилар ўз илмий ишланмаларини тақдим этди.
***
Миллий тиббиёт марказида хорижлик беморларга хизмат кўрсатиш кўлами кенгаймоқда. Жорий йил давомида жами 3051 нафар амбулатор ҳамда 367 нафар стационар шароитда хорижлик беморларга тиббий хизмат кўрсатилди.
Беморлар қаторига Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Украина, Хитой ва бошқа мамлакат фуқаролари киради.
Марказнинг юқори малакали мутахассислари томонидан кўрсатилаётган тиббий хизматлар, замонавий диагностика ва даволаш усуллари хорижлик беморларнинг ишончини ошириб, ҳудудий ва халқаро миқёсда тиббий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Мисол учун, бугун ҳам Марказнинг тажрибали нейрохирурглари томонидан замонавий ва юқори технологик эндоскопик ускуналардан фойдаланилган ҳолда мураккаб нейрохирургик амалиёт муваффақиятли бажарилди. Амалиёт жараёнида беморда аниқланган гипофиз макроаденомаси эндоскопик трансназал, яъни бурун орқали кириш асосида бажариладиган кам инвазив усул ёрдамида тўлиқ бартараф этилди.
Бундай турдаги амалиётлар паст травматиклиги, тикланиш жараёнининг тез кечиши ва бемор учун хавфсизлик даражасининг юқорилиги билан алоҳида аҳамият касб этади.
***
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов “The Standard Co., Ltd” компанияси президенти Жаноб Ким Соннам ҳамда “Korea Medical Devices Association” ижроия директори Жаноб Хан Ёнсуб билан музокаралар ўтказди. Суҳбат чоғида корейс компанияларини «Tashkent Pharma Park» фармацевтика кластерига жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.
Корея томони «Tashkent Pharma Park» фармацевтика кластерига ҳудудида Корея тиббий ускуналар ишлаб чиқарувчилари ассоциацияси ваколатхонасини очишга қизиқиш билдирди. Ушбу ваколатхона орқали 30 дан ортиқ кореялик тиббий ускуна ишлаб чиқарувчи компаниялар фаолияти йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда.
***
Шунингдек, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва Корея Озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситалари хавфсизлиги вазирлиги ҳузуридаги Корея фармацевтика трейдерлари ассоциацияси (KPTA) билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ушбу меморандум Корея фармацевтика ва косметика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи компанияларни «Tashkent Pharma Park» фармацевтика кластери саноат зонасига жалб этиш, икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро инвестиция лойиҳаларини ривожлантиришга қаратилган.
Меморандум доирасида томонлар «Tashkent Pharma Park» фармацевтика кластерининг имкониятлари, имтиёзлари ва фармацевтика саноатидаги инновацион йўналишлар бўйича амалий ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА