“Мажбурий даволаш учун мўлжалланган наркология муассасаларида даволаш жараёнини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди (рўйхат рақами: 3720-сон, 06.12.2025 й.).
Мазкур Низом наркологик касалликка чалинган шахсларни суд қарори асосида мажбурий даволаш учун мўлжалланган наркология муассасаларида даволаш жараёнини ташкил этиш тартибини белгилайди.
Беморлар муассасага қабул қилинган кундан эътиборан 5 кунлик муддатда мажбурий даволашнинг давомийлиги наркология муассасасининг раҳбари ҳамда 2 нафар нарколог шифокордан иборат бўлган тиббий комиссия томонидан белгиланади.
Бунда наркологик беморларни мажбурий даволаш давомийлиги 18 ойдан кўп бўлиши мумкин эмас.
Беморлар наркология муассасасидан қуйидаги сабабларга кўра чиқарилади: мажбурий даволаш муддати тугагач ва наркологик бемор соғлиғининг клиник ҳолатини ҳисобга олган ҳолда; мажбурий даволашни ўтказишга тўсқинлик қиладиган қўшимча оғир касалликлар аниқланганда.
***
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизовнинг Кореяга хизмат сафари доирасида Агентлик ҳамда Корея Озиқ-овқат ва дори воситалари хавфсизлиги вазирлиги (MFDS) тасарруфидаги Korea Pharmaceutical Traders Association ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Меморандум Кореянинг фармацевтика ва косметика компанияларини “Tashkent Pharma Park” фармацевтика кластерига жалб этиш, қўшма инвестиция лойиҳаларини ривожлантириш ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Томонлар ушбу ҳамкорлик саноат зонасида янги қувватларни ташкил этиш, тажриба алмашиш ва фармацевтика соҳасининг инновацион ривожига хизмат қилишини таъкидлади.
***
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ўртасида бўлиб ўтган онлайн учрашувда Ўзбекистон Республикасида фармацевтика ва тиббий жиҳозлар соҳасини халқаро стандартлар асосида модернизация қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани яна бир бор таъкидланди.
ЖССТ вакиллари мамлакатимизда охирги йилларда тартибга солиш тизимини такомиллаштириш, жараёнларнинг очиқлиги ва самарадорлигини ошириш борасида эришилган натижаларни юқори баҳолаб, Ўзбекистоннинг ICH, IPRP, IMDRF, ICMRA ва GHWP каби глобал майдонларда фаоллиги минтақада илғор тажриба сифатида кўрилаётганини билдирди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар фармацевтика хавфсизлиги соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган икки стратегик йўналиш — ЖССТнинг Global Benchmarking Tool (GBT) баҳолаш тизими бўйича Ўзбекистоннинг 3-даражага эришишини қўллаб-қувватлаш ҳамда Синов маркази лабораториясининг ЖССТ прекваллификациясига тайёргарлигини кучайтириш борасида яқин ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.
Мазкур йўналишлар мамлакатимизнинг тартибга солиш тизими халқаро миқёсда тан олиниши, шунингдек, республикада ишлаб чиқарилаётган фармацевтик маҳсулотларнинг глобал бозорларга чиқиш имконини кенгайтирадиган муҳим сиёсий аҳамиятга эга.
Таъкидлаш жоизки, ушбу учрашув Ўзбекистоннинг фармацевтика ва тиббий жиҳозлар бўйича халқаро ҳамжамиятдаги ишончли ҳамкор сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаб, юртимизда Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар глобал миқёсда ҳам эътироф этилаётганининг яққол тасдиғидир.
Моҳигул Қосимова, ЎзА