Ҳукумат қарори билан “Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига санитария-эпидемиологик хулоса бериш бўйича давлат хизматини кўрсатиш”нинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Регламентга кўра, санитария-эпидемиологик хулоса 3 йил муддатга берилади. Ушбу хулоса четдан олиб келинаётган маҳсулотга яроқлилик даврига, яроқлилик муддатига эга бўлмаган маҳсулотга эса – муддати кўрсатилмасдан берилади.
Янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилганда; ишлаб чиқарилаётган маҳсулот таркиби ўзгарганда; маҳсулотларни ишлаб чиқариш технологик жараёнининг конструкциялари, жамланмалари ўзгарганда; тажриба учун ишлаб чиқарилган маҳсулотларга; республика ҳудудига олиб кириладиган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларига; маҳсулот ишлаб чиқариш учун берилган санитария-эпидемиологик хулосанинг амал қилиш муддати тугаганда Санитария-эпидемиологик хулоса олиниши лозим.
Ариза берувчи давлат хизматидан Давлат хизматлари марказига келиб ёки электрон тарзда ЯИДХП (my.gov.uz) орқали фойдаланиши мумкин.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси хулосани QR-код орқали тасдиқлайди ҳамда 1 иш кунида ариза берувчининг шахсий кабинетига юборади.
***
Тошкент давлат тиббиёт университетининг жамоат саломатлиги, соғлиқни сақлаш менежменти ва жисмоний тарбия кафедраси томонидан “Шифобахш куз неъмати” мавзусида маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирда куз фаслида учрайдиган шамоллаш ва юқумли касалликларнинг олдини олишда табиий маҳсулотларнинг ўрни ҳақида сўз юритилди. Хусусан, қовоқнинг шифобахш хусусиятлари, унинг таркибидаги витамин ва минералларнинг асаб тизими, юрак-қон томир фаолияти, овқат ҳазм қилиш жараёни, камқонлик, диабет ҳамда ҳомиладор аёлларда соғлиқни мустаҳкамлашдаги аҳамияти илмий мисоллар билан тушунтирилди.
Мазкур тадбир Президентимизнинг университетга ташрифи давомида илгари сурган соғлом турмуш тарзи, соғлом овқатланиш маданиятини ёшлар орасида кенг тарғиб қилишга қаратилган муҳим ташаббусларини амалда қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилди. Ушбу ташаббус тўғри овқатланиш ва касалликларнинг олдини олиш маданиятини шакллантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
***
Миллий тиббиёт марказининг Халқаро алоқалар ва тиббий туризм бўлими маълумотига кўра, жорий йилда Марказнинг 80 нафарга яқин шифокор ва ҳамшираси чет эллардаги етакчи клиникаларда малака ошириб қайтди.
Улар Германия, Ҳиндистон, Венгрия, Австрия, Корея, Франция, Туркия, Россия, Хитой, Эрон, Дания, Польша каби давлатларда бўлиб, замонавий жарроҳлик, трансплантология, кардиология, ангиохирургия, нейрохирургия, радиология, лаборатор диагностика каби йўналишларда илғор тажрибаларни ўрганди.
Таъкидлаш жоизки, бундай халқаро малака ошириш дастурлари Марказда инновацион даволаш усулларини жорий этиш, тиббий хизмат сифатини яхшилаш ва беморларга кўрсатиладиган ёрдамни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.
***
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг Наркотикларни назорат қилиш қўмитаси мутахассислари Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлигида ўтказилган ишчи гуруҳ йиғилишида иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2025 йил 3 ноябрда имзоланган “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган ушбу йиғилишда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларнинг муомаласини тартибга солиш, улардан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш ҳамда ушбу йўналишдаги давлат назоратини кучайтиришга қаратилган устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, йиғилиш давомида Ўзбекистон Республикасининг “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқишда тегишли нормаларни халқаро талабларга мослаштириш, гиёҳвандлик воситалари муомаласининг ҳар бир босқичида хавфсизлик, шаффофлик ва қатъий назоратни таъминлаш ҳамда соҳага илғор тажрибаларни жорий этиш бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Учрашув якунида гиёҳвандликка қарши курашнинг институционал асосларини кучайтириш ҳамда ягона тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш бўйича ишларни ҳамкорликда амалга оширишга келишиб олинди.
***
Биласизми, Ўзбекистонда жорий этилган давлат тиббий суғуртаси тизими яратилишида бир нечта мамлакатларнинг илғор амалиёти ўрганилган. Озарбайжон, Англия, Украина, Туркия, Қозоғистон давлатлари шулар жумласидандир.
Бу тажрибалар асосида мамлакатимиз шароитига мос, аҳоли учун молиявий юк келтирмайдиган, давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган янги давлат тиббий суғуртаси тизими ишлаб чиқилган.
Тизимнинг асосий мақсади аҳолини кенг қамровли ва сифатли тиббий хизмат билан таъминлаш, шифокорлар меҳнатининг самарадорлигини ошириш ҳамда тиббий хизматларда барқарорлик ва шаффофликни таъминлашдир.
Моҳигул Қосимова, ЎзА