Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тиббиёт хабарлари
18:15 / 2025-11-06

Юртимизда тез тиббий ёрдам хизмати илғор хорижий тажриба ва замонавий ёндашувлар асосида такомиллаштирилмоқда. 2026 йилда “103” хизматида аҳоли учун “Online-шифокор” консультациялари тизими жорий этилади. Соҳада қўлланилаётган электрон дастурлар шифохоналар ҳамда бирламчи тизим муассасалари билан интеграция қилинади.

Шу йилнинг ўтган даврида соҳада электрон бошқариш тизими ишга туширилди. Бунинг учун 2,4 минг нафар диспетчер ўқитилди. Натижада мурожаат манзилларига кечикишлар сони 1,1 фоиздан 0,3 фоизга камайди.  

Ўз навбатида, Жанубий Кореянинг KOFIH ташкилоти билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятларида ташкил этилган симуляцион ўқув марказларида ушбу ҳудудлардаги тез тиббий ёрдам бригадалари ходимларининг малакаси оширилди.

Ўтган саккиз йил давомида "103" хизмати шохобчалари сони 818 тадан 1 680 тага, “Тез ёрдам” бригадалари 1 648 тадан 2 865 тага, битта чақирувга дори-дармон учун ажратилган маблағ эса 750 сўмдан 11 800 сўмга ошди.  Натижада тез тиббий ёрдам бригадаларининг чақирувга ўртача етиб бориш вақти 25-30 дақиқадан 10-15 дақиқага қисқарди.  

***

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида Марказий Осиёда ягона бўлган “Elekta Versa HD” чизиқли тезлатгичи фойдаланишга топширилди. Ушбу замонавий тиббий ускуна энг сўнгги технологияларга асосланган бўлиб, саратон касаллигини юқори аниқликда ва хавфсиз тарзда даволаш имконини беради.

“Elekta Versa HD” – бу Elekta компанияси томонидан ишлаб чиқилган илғор радиотерапия тизими бўлиб, турли шакл ва жойлашувдаги ўсмаларни нурланиш ёрдамида аниқ нишонга олиш имконини беради. У соғлом тўқималарни максимал даражада асраб, беморлар учун даволаш жараёнини енгиллаштиради. Ушбу тизим бош мия, ўпка, жигар, простата ва бошқа кўплаб органлардаги ўсмаларни даволашда қўлланилиши мумкин. Натижада, беморлар учун тезроқ, хавфсизроқ ва самаралироқ даволаниш имконияти яратилади.

Республика онкология ва радиология маркази мутахассисларининг таъкидлашларича, “Elekta Versa HD”нинг ишга туширилиши мамлакатда онкологик ёрдам сифатини янги босқичга олиб чиқади ва беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.

***

Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази томонидан Россия Федерациясининг Фармаконазорат миллий илмий маркази ҳамда Тошкент давлат фармацевтика институти билан ҳамкорликда “Корхонада фармаконазорни қандай ташкил қилиш керак” мавзусида махсус семинар ташкил этилди.

Тадбирда Россия ва Ўзбекистоннинг фармацевтика соҳаси мутахассислари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, шунингдек, маҳаллий фармацевтика корхоналари вакиллари иштирок этди.

Семинар давомида Ўзбекистонда фармаконазорнинг норматив-ҳуқуқий тартиби, фармацевтика корхоналарида фармаконазор тизимини ташкил этиш, глобал фармаконазор тизими, хавфсизлик бўйича даврий ҳисоботлар, дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш доирасида фармаконазорни ташкил этиш, ҳамда “Спорт ва дори воситалари: махсус жиҳатлар” мавзуларида атрофлича маърузалар ва тақдимотлар ўтказилди.

Тадбирда сўзга чиққан мутахассислар фармаконазор тизимини самарали ташкил этишнинг долзарблигини, бу жараён фармацевтика маҳсулотларининг хавфсизлиги ва сифатини таъминлашда муҳим омил эканини таъкидлади. Шунингдек, халқаро тажриба, хусусан Россия Федерацияси ҳамда Европа давлатларида йўлга қўйилган фармаконазор тизимлари мисолида фармацевтика корхоналарида амалий механизмларни такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Мазкур тадбир мамлакатимизда фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш, замонавий мониторинг тизимини шакллантириш ва соҳада мутахассислар салоҳиятини ошириш йўлида муҳим аҳамият касб этади.

Моҳигул Қосимова, ЎзА