Жорий йилнинг 15-17 апрель кунлари “Соғлиқни сақлаш – TIHE 2025” 29-Тошкент анъанавий халқаро кўргазмаси бўлиб ўтади.
“CAЕх Uzbekistan” халқаро кўргазмалар марказида ташкил этилаётган ушбу нуфузли тадбир билан бирга, пойтахтимиз илк бор эстетик тиббиёт, anti-age парвариши ва гўзаллик саноатига бағишланган “Beauty Uzbekistan 2025” кўргазмаси ҳам ташкил этилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар кўмагида ўтказилаётган мазкур йирик тиббиёт кўргазмаси нафақат хорижлик ишлаб чиқарувчилар, балки маҳаллий тадбиркорларнинг жаҳон бозорига чиқиши учун муҳим платформа бўлиши кутилмоқда.
***
Бухоро шаҳрининг тарихий қисмларида жойлашган зиёратгоҳлар, маданий мерос объектлари ва сайёҳлар кўп тўпланадиган ҳудудларда замонавий ҳамда экологик тоза – электромобиль тез тиббий ёрдам машиналарининг 24/7 тартибида иш фаолияти ташкил этилди.
Юртимизда сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий меҳмонларга муносиб шарт-шароит яратиш, уларнинг хавфсизлиги ҳамда соғлиғини асраш мақсадида амалга оширилган ушбу хизматда фаолият олиб борувчи тиббиёт ходимлари, хусусан, фельдшерлар – хорижий тилларни биладиган, юқори малакага эга мутахассислар ҳисобланиб, улар фавқулодда ҳолатларда профессионал тарзда ҳаракат қилиш, беморга биринчи ёрдам кўрсатиш ҳамда керакли тиббий муолажаларни амалга ошириш тажрибасига эга.
Бу лойиҳа нафақат туристлар, балки маҳаллий аҳоли учун ҳам қулайликдир. Зеро, жамоат жойларида тез тиббий хизматга бўлган эҳтиёж – ҳаёт учун муҳим омиллардан бири ҳисобланади.
***
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Франциянинг “Veolia Water Technologies” (VWT) компанияси директори Оливье Женок билан учрашди.
“Veolia Group” таркибига кирувчи “VWT” компанияси оқова сув ва саноат чиқиндиси сувларини тозалаш бўйича жаҳонда етакчилардан биридир. 100 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритувчи “VWT” бугунги кунда 30 мингдан ортиқ тозалаш иншоотларини ишга туширган ҳамда ҳар йили 4,8 миллиард куб метрдан ортиқ чиқинди сувларни тозалашга ёрдам беради.
Учрашув давомида “VWT” вакили фармацевтика компаниялари билан сув ва энергия сарфини оптималлаштириш, саноат чиқиндиларини қайта ишлаш, шунингдек, сув менежменти ва лабораториялар учун зарур ускуналарни етказиб бериш бўйича ҳамкорлик қилиш имкониятларини таклиф этди.
Агентлик директори ва “Veolia Water Technologies” вакили фармацевтика кластерининг ҳудудида саноат чиқиндиси сувини тозалаш бўйича фикр алмашиб, бу ердаги барча ишлаб чиқарувчи корхоналар учун марказлаштирилган сувни тозалаш тизимини яратиш истиқболларини муҳокама қилди.
Шунингдек, “VWT” вакили фармацевтика кластерининг ҳудудидаги ишлаб чиқарувчиларга “Ultra Pure Water” (лаборатория тадқиқотларида фойдаланиладиган жуда юқори даражада тозаланган сув) ва “Water for Injection” (инъекция учун мўлжалланган, стерилланган ва пирогенлардан ҳоли сув) етказиб бериш имконияти ҳақида сўз юритилди.
Учрашув якунида “VWT” томони фармацевтика кластерининг ҳолатини ўрганиш ва ҳамкорлик истиқболларини аниқлаш учун мутахассис юборишга келишиб олинди. Ўрганишлар натижаларига асосланиб, агентлик билан ҳамкорликда амалий ишларни бошлаш режалаштирилди.
***
Шунингдек, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ва Ўзбекистонда фаолият юритаётган Хитой тадбиркорлар уюшмаси вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистонда фаолият юритаётган Хитой бизнесменлари ва тадбиркорлари томонидан ташкил этилган Хитой тадбиркорлар уюшмаси, “Бир белбоғ – бир йўл“ ташаббуси доирасида ташкил этилган. Ассоциациянинг асосий мақсади Хитой ва Ўзбекистон ўртасида “кўприк қурувчи“ ва алоқаларни ривожлантирувчи сифатида хизмат қилишдир.
Уюшма вакиллари “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерининг фаолияти, ундаги ишлар кўлами, кластер доирасидаги компаниялар ҳамда инвестиция лойиҳалари билан танишди.
Суҳбат якунида томонлар Хитой тадбиркорларини Ўзбекистоннинг фармацевтика соҳасида ҳамкорлик қилиш ва инвестиция киритишга жалб этишда амалий ёрдам кўрсатишга келишиб олди.
***
Болалар миллий тиббиёт маркази директори Бахтиёржон Умаров Россиянинг Академик Н.Н.Бурденко номидаги Миллий нейрохирургия тиббий тадқиқот маркази делегацияси аъзоларини қабул қилди.
Учрашув давомида томонлар тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, тажриба алмашиш ва беморларга юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш масалаларини муҳокама қилди.
Шунингдек, учрашувда томонлар устувор йўналишлар бўйича амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш, хусусан, тиббиёт соҳасида кадрлар алмашинувини яхшилаш ва мутахассисларнинг малакасини ошириш юзасидан келишувга эришди.
Ушбу ҳамкорлик орқали икки томонлама малака ошириш курслари, қўшма илмий-амалий анжуманлар ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Моҳигул Қосимова, ЎзА