Президентимизнинг 2024 йил 5 сентябрдаги “Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида тиббий суғурта тизими қайси ҳудудда қачон татбиқ этилиши белгилаб берилган. Унга кўра, ўтган йил 1 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятида мазкур тизим ҳаётга татбиқ этиб келинмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазири А.Худоёров раҳбарлигида бўлиб ўтган видеоконференцалоқа шаклидаги йиғилишда таъкидланишича, жойларда муайян ютуқлар баробарида, зудлик билан ҳал этилиши керак бўлган муаммолар ҳам кузатилаётир.
Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан шу йилнинг январь-февраль ойларида ўтказилган ўрганиш жараёнида ҳам бир қатор камчиликлар аниқланди.
Хусусан, Сирдарё вилоятида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари томонидан январь-февраль ойларида беморларни қабул қилиш, тиббий кўрик ва маслаҳат бериш вазифалари 51 фоизга бажарилган. Тиббий-профилактик хизматларни кўрсатиш, профилактик кўриклар ҳамда скрининг, диагностик ва лаборатор текширувлар йўналишларида ҳам паст кўрсаткичлар кузатилган.
Тиббиёт муассасалари раҳбарлари томонидан иш жараёни тўғри ташкил этилмагани боис аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар кафолатланган даражада кўрсатилмаяпти. Ёмони, бюджет маблағи самарасиз ишлатилишига олиб келмоқда.
Шунингдек, Оқолтин туман тиббиёт бирлашмаси ички дорихонаси омборида эҳтиёжи аниқ бўлмаган 299 млн. 988,4 минг сўмлик дори-дармон ва тиббий буюмлар ҳамда 4 мингдан зиёд шприцлар ишлатилмасдан тургани аниқланган. Ҳудуд аҳолиси эса шу турдаги дори воситалари ва шприцларни сотиб олишга мажбур бўлган.
Бундай камчиликлар Қорақалпоғистон Республикасида ҳам кузатилган. Масалан, ҳудуддаги бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасалари томонидан Тахиатош ТТБсида қатновлар сонига, 40 ва ундан катта ёшдагилар режали скринингларига қўшиб ёзиш ҳолатлари кузатилган.
Бу каби ҳолатлар ЭКГ, ФГДС ва лаборатория бўлимларида борлиги ҳам аниқланган.
Йиғилишда айтилганидек, Навоий ва Самарқанд вилоятларида шу йил 1 июлдан, Бухоро, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида эса 1 октябрдан давлат тиббий суғуртаси механизмини жорий этиш кўзда тутилган бўлиб, аллақачон тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган. Аммо шу жараёнларда айрим хато ва камчиликлар, хусусан, компьютер етишмаслиги билан боғлиқ муаммолар ҳам кўзга ташланмоқда.
Тиббиёт муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш борасида ҳам ечимини кутаётган масалалар бор. Айниқса, барча вилоятларда тор соҳа мутахассислари етишмайди. Шулардан келиб чиққан ҳолда, йиғилишда апрель ойидан бошлаб барча даражадаги раҳбарларнинг қуйига тушиб ишлаш амалиёти йўлга қўйилиши урғуланди.
Ўз навбатида, кўрсатилган камчиликларни ҳал этишга қаратилган аниқ тавсиялар ишлаб чиқилди. Шу жумладан, тез кунларда юртимиз бўйича 15 та туман тиббиёт бирлашмасида ўрганишлар ўтказилиши маълум қилинди.
Шунингдек, йиғилишда кун тартибидан ўрин олган бошқа масалалар кўриб чиқилди.
***
“Наманган Дори-дармон“ АЖ GDP – Зарур дистрибьюторлик амалиёти сертификатини олди.
Бу компания ва унинг тизимидаги жамиятларнинг дори воситаларини олиб келиш, сақлаш, етказиб беришда, умумуман олганда, дистрибьюторликнинг барча босқичларидаги фаолияти ишончли, сифатли ва самарали эканлигини кафолатлайди.
Маълумот учун, фармацевтика маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи маҳаллий корхоналар GDP — Зарур дистрибьюторлик амалиёти сертификати асосида фаолият олиб бориши керак.
***
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилишида соҳани жадал ривожлантириш, тармоқда шаффофликни таъминлаш, инновацион ахборот технологиялари ва хавфсизлик стандартларини жорий этишда амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берилди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг шу йил 28 январдаги “Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан ўтган йилда амалга оширилган ишлар ва галдаги режалар тўғрисида ҳамда “Зарур амалиётлар маркази — GxP” давлат муассасаси фаолияти ва фармацевтик маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳисоботлар тингланди.
***
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ташаббуси билан ташкил этилган онлайн учрашувда “NOVA PHARM” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.
Унда марказ экспертлари томонидан NOVA PHARM” МЧЖ нинг давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаларини амал қилиш муддатини узайтириш учун тақдим этган 4 номдаги дори воситасининг сифат, хавфсизлик ва самарадорлик кўрсаткичлари, халқаро стандартларга мослиги ҳамда техник ҳужжатларининг талабларга мувофиқлиги кўриб чиқилди.
Муҳокамалар чоғида маҳсулотларнинг синов натижалари, лаборатория текширувлари ва тегишли ҳужжатлар асосида рўйхатдан ўтказиш жараёнларини соддалаштириш ва тезлаштириш бўйича фикр алмашилди.
***
Миллий тиббиёт марказида профессор Азам Бобожонов бошчилигидаги трансплантологлар жамоаси томонидан 35 ёшли беморга жигар трансплантацияси муваффақиятли амалга оширилди.
Беморда ўткир жигар етишмовчилиги билан бирга дарвоза венасида тромбоз аниқланган. Шифокорлар мураккаб жарроҳлик амалиёти доирасида нафақат жигар трансплантациясини, балки ренопортал шунтлаш операциясини ҳам бажарди. Беморнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун унинг опаси донорлик қилди.
Шифокорлар операция жараёнини юқори аниқликда режалаштириб, беморнинг соғайиш жараёнини доимий назорат остида олиб бормоқда.
Бу муваффақиятли амалиёт Марказнинг трансплантология соҳасида юқори малакага эга эканлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА