Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тиббиёт хабарлари – қисқа сатрларда
18:08 / 2024-12-10

Мамлакатимизда мажбурий рақамли маркировкаланадиган дори воситалари ишлаб чиқарувчи 69 та маҳаллий корхонанинг барчаси «Asl belgisi» маҳсулотларни маркировкалаш ва кузатиб бориш миллий ахборот тизими (МАТ)га уланди ҳамда ўз маҳсулотларини рақамли маркировкаланган ҳолда ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

Шу билан бирга, бугунги кунда амалда фаолият юритаётган, лицензияга эга бўлган дори воситаларини улгуржи реализация қилувчи 468 та корхонадан 395 таси ) «Asl belgisi» маҳсулотларни маркировкалаш ва кузатиб бориш миллий ахборот тизимига уланди. 73 та корхонада уланиш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда.

Дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилувчи, лицензияга эга бўлган 8 239 та корхоналардан 6994 таси «Asl belgisi» маҳсулотларни маркировкалаш ва кузатиб бориш миллий ахборот тизимига уланган бўлиб, 1245 та корхонада уланиш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 апрелдаги тегишли қарорига асосан, дори воситалари ва тиббий буюмларни гуруҳларга бўлинишини назарда тутган ҳолда идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини 2022-2025 йиллар давомида босқичма-босқич жорий қилиш белгиланган.

***

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 17 октябрдаги тегишли фармонига асосан Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг 50 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ ходимлар мукофотланган эди.

Улар сафида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган фахрий шифокор Аделина Любчич ҳам “Соғлом авлод учун” орденига муносиб кўрилган эди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи Д.Султанов мамлакатимизнинг Россия Федерациясидаги элчихонаси масъуллари ҳамроҳлигида айни пайтда Москва вилоятининг Красногорск шаҳрида истиқомат қилаётган А.Любчичга мазкур мукофотни давлатимиз номидан топширди.

Ўз навбатида, фахрий шифокор бундай юксак эътибор ва рағбат учун Президентимизга алоҳида миннатдорлик билдирди.

***

“Болаларга беринг дунёни!” саломатлик акцияси доирасида Болалар миллий тиббиёт марказининг невролог ва кардиолог шифокорлари томонидан Наманган вилоятида панэнцефалит ташхиси қўйилган 28 нафар бемор учун махсус тиббий кўрик ўтказилди.

Бу ташаббус мазкур касалликка чалинган болаларни аниқлаш ва уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида амалга оширилди.

Республиканинг барча ҳудудларида шифокорлар беморларнинг аҳволини жойида ўрганиб, зарур тиббий кўрсатмалар бермоқда. Госпитализацияга эҳтиёж сезилган ҳолатларда, болалар Болалар миллий тиббиёт марказининг неврология бўлимига жойлаштирилиб, уларга юқори даражадаги тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

***

Озиқ-овқат маҳсулотлари устидан доимий назорат тадбирларини олиб бориш орқали, кўплаб истеъмол учун мутлақо яроқсиз бўлган маҳсулотлар савдосига чек қўйиш ҳамда аҳоли ўртасида ўткир юқумли ичак ва паразитар касалликлар ҳамда оммавий заҳарланишнинг олдини олишга эришилмоқда.

Жумладан, Санэпидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси Бектемир туман бўлими мутахассислари томонидан Қўйлиқ деҳқон бозори ҳудудида фаолият юритаётган сотувчиларни амалдаги санитария-гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда махсус кийимларда фаолият олиб боришлари, даврий тиббий кўрикдан ўтганлик ҳолати ва савдодаги озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати юзасидан ўрганиш ўтказилди.

Ўрганишлар давомида органолептик хусусиятлари бузилган 18 кг. банан, 16 кг. мандарин, 15 кг. нок, 21 кг. миқдоридаги карам тузламаси истеъмолга яроқсиз деб топилди ва савдодан олиниб, ўрнатилган тартибда бракераж қилинди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА