Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тиббиёт хабарлари – қисқа сатрларда
14:04 / 2024-09-20

Пойтахтимизда Ўзбекистон терапевтларининг халқаро форуми ўтказилмоқда. “Ички касалликларнинг долзарб муаммолари” мавзусига бағишланган тадбирда мамлакатимиз ҳамда Россия, Беларусь, Украина, Қозоғистон ва Тожикистон олимлари, терапевт-шифокорлари, тиббиёт мутахассислари иштирок этмоқда.

Форумни Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова кириш сўзи билан очди.

Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази, Ўзбекистон терапевтлар ассоциацияси томонидан ташкил этилган тадбирда юрак-қон томир, ошқозон-ичак касалликлари, ревматологик ва пульмонологик хасталикларни ташхислаш, даволаш ҳамда реабилитация қилиш соҳасида янги инновацион тиббий технологиялар, илғор усуллар муҳокама қилинмоқда.

***

Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида Европанинг THE Times Higher Education номли нуфузли университетлар халқаро рейтинги томонидан “THE University Impact Forum: Health & Well-being 2024” форуми ташкил этилди.

Унда дунёнинг етакчи олий ўқув юртларидан тажрибали олимлар иштирок этди. Тадбирда Ўзбекистон олий таълим муассасаларидан илк маротаба спикер сифатида Тошкент тиббиёт академиясининг ўқув ишлари бўйича проректори, профессор Ш.Боймурадов қатнашди.

Форумда БМТнинг Барқарор ривожланиш дастурлари, жумладан, “SDG 3 health and well-being” соғлиқни сақлаш ва фаровонликни таъминлаш, шунингдек, университетларнинг асосий касалликлар ҳамда шароитларни ўрганиш, соғлиқни сақлаш касбларини қўллаб-қувватлаш, талабалар ва ходимлар соғлиғига ғамхўрлик қилишда тутган ўрни муҳокама қилинди.

Шунингдек, тадбирда дунёнинг етакчи университетлари олимлари билан ўзаро тажриба алмашилди.

***

Тошкентда  2024-2028 йилларда Ўзбекистонда аҳоли саломатлиги хавфсизлигини таъминлаш бўйича Миллий ҳаракатлар режасини қабул қилиш бўйича сиёсий мулоқот бўлиб ўтди.

Тадбирда Халқаро тиббий-санитария қоидаларини  бажариш учун масъул бўлган барча тегишли вазирлик ва идораларнинг мувофиқлаштирувчиларини ўз ичига олган ишчи гуруҳ томонидан ишлаб чиқилган ҳаракатлар режаси муҳокама қилинди.

***

Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ижро этувчи директори З.Эрматов Қирғиз Республикаси Мажбурий тиббий суғурта жамғармаси раҳбари А.Муканов билан учрашди.

Учрашувда томонлар соҳага оид қатор масалалар юзасидан фикр алмашди. Хусусан, Қирғиз Республикаси аҳолиси тиббий суғурта билан қамраб олингани, соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштириш механизмлари, кафолатланган пакет ҳажмлари ҳамда бепул дори-дармон воситаларини тақдим этиш тартиби бўйича фикрлар билдирилди.

Шунингдек, Қирғиз Республикаси Мажбурий тиббий суғурта жамғармаси раҳбари А.Муканов Ўзбекистон Республикасида аҳолини тиббий суғурталаш тизими янги бўлишига қарамасдан, ўтган қисқа давр ичида улкан ислоҳотлар амалга оширилаётганини алоҳида эътироф этди.

Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА