Трансплантация жарроҳлиги замонавий тиббиётнинг истиқболли йўналишларидан бири. Давлатимиз раҳбари ушбу соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратиб келаётгани ҳам унинг нақадар муҳимлигини исботлайди.
Жигар циррози билан оғриган бемор ҳаётини сақлаб қолишнинг ягона йўли трансплантация амалиётини ўтказиш ҳисобланади. Ташкил этилганига ҳали кўп бўлмаган Миллий тиббиёт марказида ҳам тажрибали шифокорлар томонидан жигар трансплантация амалиёти йўлга қўйилган.
Ушбу соҳани янада чуқурроқ ўрганиш мақсадида айни пайтда Миллий тиббиёт марказининг бир гуруҳ шифокорлари Ҳиндистоннинг Нью Деҳли шаҳрида сафарда бўлиб турибди. Шинон компанияси клиникасига жигар трансплантацияси курси бўйича малака ошираётган шифокорларимиз трансплантация соҳасини такомиллаштириш борасида тажриба орттириб қайтади.
***
Фармацевтика соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар ўз она тилини мукаммал билишлари билан бир қаторда бир нечта хорижий тилларни билиши ва мулоқот қила олишлари ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Шу боис, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказида марказ ходимларининг инглиз тилини ўзлаштириш даражасини ошириш мақсадида "Debate club" ташкил қилинди.
Ҳафтанинг ҳар чоршанба куни бўлиб ўтадиган мулоқотда ходимлар ўз фаолиятидаги сўнгги янгиликлар, илмий тадқиқотлар, соҳага доир қонунчиликдаги ўзгаришларни инглиз тилида гапириб ўзаро фикр алмашади.
Бу эса мутахассисларнинг инглиз тилини ўзлаштириши ва эркин суҳбат қуришида муҳим аҳамият касб этади.
***
Аҳоли ўртасида касалликларнинг олдини олишда профилактик учрашувларнинг аҳамияти катта ҳисобланади.
Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги «Катта оқтепа» маҳалласида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, КOFIH фонди ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси билан ҳамкорликда «Ўзбекистонда онкологик ва юқумли касалликларнинг олдини олиш бўйича аҳолининг хабардорлигини ошириш ва диагностика салоҳиятини кучайтириш лойиҳаси» доирасида семинар-тренинг ўтказилди.
Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА