Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ва Жанубий Кореянинг "DK Consultants" компанияси вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Унда "Tashkent Pharma Park" инновацион илмий-ишлаб чиқариш кластери ҳудудида ер майдони ажратилиш масаласи муҳокама қилинди.
Шунингдек, йиғилиш давомида E-Auksion платформасида иштирок этиш, лойиҳани амалга ошириш муддатлари, алоқа тармоқларини ҳудудга олиб кириш ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.
***
Болалар миллий тиббиёт маркази директори Бахтиёржон Умаров Хитойнинг "Shangdong Wego Newlife Medical Devices" компанияси сотув директори жаноб Кевин Кюни қабул қилди.
Учрашув давомида болалар жарроҳлигида робот технологияларидан фойдаланиш, кардиожарроҳлик соҳасида халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда перфузиология соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича ўзаро келишувга эришди.
***
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказида Фармакопея қўмитаси раиси бошчилигида қўмита Илмий ва эксперт кенгашининг 18-сонли мажлиси бўлиб ўтди.
Йиғилишда маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг умумий 159 та дори воситасини қонунда белгиланган тартибда республикамизда давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаларига ўзгартириш киритишга тавсия этиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Бундан ташқари тасдиқлаш учун илмий кенгашга тақдим қилинган фармакопея мақолалари экспертлар томонидан кўриб чиқилди.
***
Санэпидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси Миробод туман бўлими масъул ходимлари томонидан «Бешқўрғон» МЧЖ бозорида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилдан олинган рухсатнома асосида текширув ишлари амалга оширилди.
Ўтказилган текширувлар натижасида бозорнинг савдо нуқталарида жорий таъмирлаш ишлари ташкил этилмагани, белгиланмаган жойларда қишлоқ хўжалиги ва полиз маҳсулотларининг сотилиши, бозор теварак атрофида чиқиндилар йиғилиб, махсус жойларга ташланмагани, чиқинди ташлаш учун махсус идишлар фойдаланишга мутлақо яроқсиз ҳолга келгани, сотувчилар махсус уст-бош кийимлари таъминланмагани ҳамда тиббий кўрикдан ўтмагани, тозалик тадбирлари ўз вақтида сифатли олиб борилмагани маълум бўлди.
Бозор маъмурияти ва сотувчиларга Санитария қоида ва меъёрларига мувофиқ фаолият олиб бориш, тозалик тадбирларини тез-тез ўз вақтида ўтказиб борилишини таъминлаш ҳамда юқорида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар берилди. Санитария тарғиботи олиб борилиб, масъул шахсларга нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА