Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тиббиёт хабарлари – қисқа сатрларда
07:52 / 2024-05-12

Ҳар йили 12 май – Халқаро ҳамширалар куни муносабати билан юртимиз ўрта тиббиёт ходимлари орасидан энг яхши ҳамшираларни саралаб, уларни рағбатлантириб бориш анъанага айланган.

Жорий йилда ҳам «Ҳамшира – 2024» Республика кўрик-танлови ўтказилиб, унда ҳамширалар турли шартларда беллашди, ўз билим ва маҳоратларини намоён қилди.

Танлов ғолиблари эртага пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги кино саройида Халқаро ҳамширалар куни муносабати билан бўладиган тантанали тадбирда тақдирланади.

***

Пойтахтимизда Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази томонидан «Неонатологияда янги уфқлар» мавзусида халқаро мутахассислар иштирокида анжуман бўлиб ўтди.

Унда етук соҳа вакиллари, жумладан, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази, Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика перинатал маркази, юртимиздаги тиббиёт олий таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари вакиллари иштирок этди.

Анжуман доирасида маҳаллий мутахассислар Германия, Испания, Россия Федерацияси, Польша, Беларусь Республикаси, Қозоғистон, Қирғизистондан келган экспертлар билан неонатология соҳасидаги ютуқлар, муаммоларни ечиш усуллари, илмий изланишлар ва уларни амалиётга жорий қилиш борасида фикр алмашди.

***

Шу йилнинг 17-18 май кунлари Бухоро шаҳри «Аёллар саломатлиги: кўкрак бези ва бачадон бўйни саратони скрининги ва профилактикаси» мавзусидаги Ўзбекистон онколог ва радиологларининг ХХ конференциясига мезбонлик қилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан ўтказилаётган ушбу нуфузли анжуманда АҚШ, Буюк Британия, Франция, Дания, Россия Федерацияси, Туркия, Ҳиндистон каби 10 дан зиёд давлатларнинг етакчи олим ва экспертлари иштирок этади.

Конференцияда соҳа олдида турган муҳим масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилиб, унинг ечимларига доир янги ташаббус ва амалий таклифлар ишлаб чиқилиши кутилмоқда.

***

Болалар миллий тиббиёт марказининг малакали шифокорлари томонидан Жиззах вилоятида саломатлик акцияси ташкил этилди.  

Акция доирасида 200 дан ортиқ бемор болалар тиббий кўрикдан ўтказилиб, жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда.

***

Болалар миллий тиббиёт марказида Корея халқаро соғлиқни сақлаш фонди (KOFIH) кўмагида Ёнсей университети делегацияси томонидан ташкил этилган семинарда болаларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган лойиҳа доирасида бошқарув салоҳиятини ошириш бўйича фонд лойиҳаси натижалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, JCI халқаро аккредитациясига мувофиқ сифат ва беморлар хавфсизлиги стандартларини жорий этиш ва бошқариш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.  

JCI халқаро аккредитациясига мувофиқ тиббий ташкилотларда сифат ва беморлар хавфсизлигининг халқаро стандартларини жорий этиш ва бошқариш юзасидан делегация фикри тингланди.

***

«Болаларга беринг дунёни!» саломатлик акцияси доирасида фарғоналик бемор болалар бепул тиббий кўрикдан ўтказилди. Шунингдек, Болалар миллий тиббиёт маркази мутахассислари томонидан 4 нафар болада юқори технологик жарроҳлик амалиётлари бажарилди.

Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА