Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тиббиёт ва педагог ходимларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
18:21 / 2023-02-17

Сенат ялпи мажлиси олдидан қўмиталар мажлислари бўлиб ўтмоқда. Сенаторлар, мутахассислар иштирокида ўтказилаётган тадбирларда ялпи мажлисда кўриб чиқиладиган масалалар, қонунлар дастлабки тарзда муҳокама этилмоқда.

Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида кейинги пайтда беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳоллари кўпайиб бораётгани қайд этилди.  

Бу жараёнда тиббиёт ходимларини беморларнинг соғлиғи ёмонлашишида ёки ўлимида асоссиз равишда айблаш, шунингдек, ҳеч бир сабабсиз шифокорларга ва ўрта тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳолатлари юз бермоқда.  

Шу боис “Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун билан тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига қонунга хилоф равишда ҳар қандай шаклда таъсир ўтказганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланмоқда.  

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли  моддасида жиноят ишлари бўйича судлар тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик ёки шу мақсадда тиббиёт ходими фаолиятига қонунга хилоф равишда таъсир ўтказганлиги бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақидаги ишларни кўриб чиқиши белгиланмоқда.  

Қонуннинг қабул қилиниши тиббиёт ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ва уларнинг касбий фаолиятига турлича аралашувларнинг олдини  олишга хизмат қилади.  

Сенаторлар педагогларни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган тадбирларга ноқонуний жалб этиш ҳолатлари давом этаётганига эътибор қаратди. Жумладан, педагог ходимлар ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар ва масалаларни ҳал этиш учун тузилган кўплаб ишчи гуруҳлар таркибига асоссиз киритилаётгани, улардан турли ҳисобот ва маълумотлар талаб этиб келинаётганлиги қайд этилди.  

“Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун билан Жиноят кодексига педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин худди шундай қилмишни такроран содир этганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи норма киритилмоқда.  

Унга асосан педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин худди шундай қилмишни такроран содир этганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгиланмоқда.  

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик, шунингдек, уларнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши назарда тутилмоқда.  

Бундан ташқари, таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига таълим олувчиларнинг билимини тўғри ва холис баҳолашига таъсир кўрсатиш ёки қонунга хилоф равишда аралашиш, таълим ташкилоти педагог ходимининг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш учун ҳам жавобгарлик кучайтирилмоқда.  

Кодексдаги санкциялар фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.  

Сенаторларнинг таъкидлашича, ушбу қонун таълим ташкилотининг педагог ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар, педагог ходимларнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарликни кучайтиришга, шунингдек, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.  

ЎзА