Ўзбекистон Республикаси Президенти “Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қўллаб-қувватлаш чоралари тўғисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, тиббиёт ва мармацевтика ходимларини қўллаб-қувватлашнинг асосий мақсадлари белгилаб олинди. Улар:
а) тиббиёт ва фармацевтика ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш. Уларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш;
б) аҳолига сифатли ва самарали тиббий хизмат кўрсатаётган фидойи ходимларга қўшимча рағбатлантириш чораларини жорий этиш;
в) истиқболли ёш мутахассислар ўз касбий малакасини ошириб бориши учун қўшимча имкониятлар яратиш;
г) “Шифокор – аҳоли саломатлиги посбони” шиори остида жамиятда уларнинг нуфузини оширишдан иборат.
2026 йилдан бошлаб давлат тиббиёт муассасалари ходимлари “Тиббиёт ходимлари куни” муносабати билан Тиббиёт муассасаларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан ҳар йили меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорида рағбатлантирилади.
Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан ҳар йили қуйидаги номинациялар бўйича танлов ўтказилади:
а) “Энг яхши республика шифохонаси раҳбари”, “Энг яхши ҳудудий соғлиқни сақлаш органи раҳбари”;
б) ҳар бир ҳудудда:
“Энг яхши туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш органи раҳбари”, “Энг яхши оилавий поликлиника раҳбари”, “Энг яхши туман (шаҳар) шифокори” ва “Энг яхши туман (шаҳар) ўрта тиббиёт ходими”;
“Энг яхши оилавий поликлиника”, “Энг яхши туман (шаҳар) шифохонаси” ва “Энг яхши ҳудудий шифохона”.
Танлов асосида ғолиблар қуйидаги миқдорларда Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан бир марталик рағбатлантирилади:
тиббиёт муассасалари – 500 миллион сўм;
тиббиёт ва раҳбар ходимлар – 30 миллион сўм.
Ғолиблар Тиббиёт ходимлари куни арафасида эълон қилинади. Уларни давлат мукофотларига тавсия этиш ҳамда хориждаги нуфузли таълим ва илмий ташкилотларда Жамғарма маблағлари ҳисобидан менежерлик ва замонавий дастурлар асосида ўқитиш амалиёти йўлга қўйилади.
“Энг яхши республика шифохонаси раҳбари”, “Энг яхши туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш органи раҳбари” ва “Энг яхши оилавий поликлиника раҳбари” номинациялари бўйича танлов ғолиблари “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими” фахрий унвони билан тақдирлашга тавсия этилади.
2026 йил 1 апрелдан бошлаб давлат тиббиёт муассасаларининг иш вақти режими беш кунлик иш ҳафтасига ўтказилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб давлат тиббиёт муассасаларида Жамғарма маблағлари ҳисобидан:
а) туман (шаҳар) даражасида янги даволаш усулларини жорий қилган ва унинг ижобий самарасига эришган туман (шаҳар) тиббиёт муассасалари шифокорларига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади;
б) давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йил иш стажига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг фарзандларига республика ҳудудидаги олий таълим ташкилотларида бакалавриат таълим йўналиши бўйича йиллик контракт суммасининг 30 фоизи миқдоридаги, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан ошмайдиган қисми қоплаб берилади;
в) тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг илмий-техник маълумотлар базасида индексланувчи ва юқори импакт-факторли журналларда мақолаларни чоп этиш билан боғлиқ харажатлари тўлиқ қоплаб берилади;
г) ҳар йили давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йил иш стажига эга бўлган 500 нафар тиббиёт ва фармацевтика ходимларини уй-жой билан таъминлаш учун ипотека кредити асосида сотиб олинадиган уй-жойнинг дастлабки бадал тўловининг 25 фоизи қоплаб берилади.
Қарорга кўра, Миллий аккредитациядан ўтган давлат тиббиёт муассасалари ходимларига 2026 йил 1 январдан бошлаб лавозим маошининг 10 фоизи миқдорида ойлик устама тўланади.
ЎзА