Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тиббиёт тизимидаги ўзгаришларни одамлар ўз ҳаётида ҳис этяпти
16:47 / 2021-09-16

Инсон ҳаётига хавф туғдирувчи хасталиклардан бири нефрология, терминал ва ўткир буйрак етишмовчилиги касаллиги саналади.

Афсуски, сўнгги йилларда республикамизда бу хасталик аҳоли ўртасида кўпайиб бормоқда. Мутахассисларнинг фикрича, бу касаллик кўп ҳолларда меҳнатга лаёқатли, ижтимоий фаол инсонларда учрайди. У аксарият пайтда белгилари намоён бўлмай яширин равишда кечади. Аммо терминал буйрак етишмовчилиги келиб чиққанидан кейин касаллик ниҳоятда хавфли тус олади. Бундан беморларни даволашда фақат икки усул – мунтазам гемодиализ орқали даволаш ва буйрак трансплантацияси самара беради, холос.

Шу жиҳатдан, кейинги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган ислоҳотлар доирасидан нефрология ва гемодиализ хизмати ҳам четда қолмади. Президентимизнинг 2018 йил 12 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига нефрология ва гемодиализ ёрдами кўрсатиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур қарор билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларига аҳолига нефрологик ва гемодиализ ёрдами кўрсатишни янада ошириш ҳамда тиббиётнинг бу соҳасида юзага келган муаммоларни бартараф этиш вазифаси юкланди. Айниқса, тиббий ёрдам кўрсатишнинг барча босқичларида буйрак касалликларига ташхис қўйиш ва уни даволашнинг ягона замонавий стандартлари ва протоколлари жорий этилди.  

Гемодиализ сеанслари учун мажбурий клиник протоколлар ишлаб чиқилган ҳолда, амалиётга жорий қилиниб, гемодиализ муассасалари тиббиёт ускуналари билан тўлиқ жиҳозланяпти. Эҳтиёт қисмлар, гемодиализ учун сарфлаш материаллари билан узлуксиз таъминланмоқда. Масалан, жорий йилги Давлат дастурида ҳам республикадаги гемодиализ муолажасига муҳтож беморларни тиббий хизмат билан бепул қамраб олиш бўйича қатор вазифалар белгилаб қўйилган.

Шундан келиб чиқиб, шу йилнинг 7-11 сентябрь кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича парламент комиссияси иш режасига мувофиқ, Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси аъзолари Бухоро ва Навоий вилоятлари мисолида аҳолига нефрология ва гемодиализ хизмати кўрсатиш ҳолатини ўрганди. Бу жараёнда бундай хизматлардан фойдаланаётган беморлар, уларнинг яқинлари билан суҳбатлар ўтказилди.

Жойларда аҳоли Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида соғлиқни сақлаш тизими ҳам сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилаётганини баралла айтмоқда. Жумладан, Навоий шаҳридан қарийб 300 км узоқлиқда жойлашган Зарафшон шаҳрида, Бухоро шаҳридан 25 км узоқликдаги Вобкент туманида ташкил этилган туманлараро гемодиализ бўлинмаларида даволанаётган беморлар билан суҳбатимиз чоғида улар бу бўлинмалар ташкил қилингунига қадар, вилоят марказларига бориб, ҳафтасига 3 марта гемодиализ муолажасини олганини, ўша вақтда фақат вилоят муассасаларида мавжуд бўлган гемодиализ ускуналарига навбат юқори бўлганини билдирди.  

Бундан 3-4 йил олдин ҳудудларга чиққанимизда гемодиализ ускуналари, улар учун сарфлов материаллари етишмаслиги, нефролог, гемодиализ шифокорлари кам экани, жойларда фақат вилоят муассасаларидагина мавжуд бўлган гемодиализ ускуналари етишмаслиги, мавжудлари ҳам маънан эскиргани юзасидан аҳоли кўплаб эътирозлар билдирар эди. Албатта, булар ҳақли эътирозлар эди. Сабаби ўша даврда нефролог ва гемодиализ мутаҳассисларини тайёрлаш бўйича ҳеч қандай квота йўқ эди. 2018 йил 1 январь ҳолатига республика бўйича мавжуд бўлган 252 та гемодиализ ускунасининг ҳам 28 таси таъмирталаб аҳволда бўлиб, таъмирлаш ишларини ўз вақтида амалга ошириш имконияти мавжуд эмасди. Натижада гемодиализ муолажасига муҳтож беморлардан 800 нафарга яқини бу хизмат билан қамраб олинмаган эди.

Охирги уч йилда буйрак касалликлари шифокори-нефрологлар ва гемодиализ мутахассислари давлат бюджети ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан тайёрланди. Уларни тайёрлаш бўйича магистратура ва ординатурада квоталар ажратилди. Гемодиализ ускуналари сони 252 тадан 579 тага етди, туманлараро гемодиализ бўлинмалари ташкил этилди. Таъбир жоиз бўлса, айтиш мумкинки, бугунги кунда юртимизда тиббиёт соҳаси, унинг фаолият мазмуни тубдан ўзгармоқда. Президентимиз раҳбарлигида соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилган изчил ислоҳотлар туфайли бугун аҳоли эмас, гемодиализ ускуналари навбат кутмоқда. Шунингдек, ҳудудларда туманлараро ва давлат хусусий шериклиги асосида гемодиализ бўлинмаларини ташкил этиш ва уларни жиҳозлаш ишлари давом этмоқда. Лекин мамлакатмизда сурункали буйрак етишмовчилиги юзага келган беморлар учун гемодиализдан халос бўлиш имкони мавжуд бўлиб, органни кўчириб ўтказиш амалиёти – трансплантациядир.

Шу нуқтаи назардан, бугунги кунда транспланталогияни ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратилган бўлиб, унинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилмоқда. Жумладан, Қонунчилик палатасининг Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасида “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳасини маромига етказиш устида ишланмоқда.

Бир сўз билан айтганда, нефрология ва сурункали буйрак касалликларига шифо топиш, аҳолини бундай хавфли дарддан фориғ қилиш учун барча чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу амалий ҳаракатлар аҳолига сифатли хизматлар кўрсатишга, касалликларнинг олдини олишга хизмат қилиши баробарида, шубҳасиз, яқин келажакда ўз самарасини беради.

 

Зумрад Бекатова,

Олий Мажлис Қонунчилик  

палатаси депутати,  

Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси