Қашқадарё вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида пуллик хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган жами 48 ўринли Vip-палаталар ташкил этилди.
Бу ҳақида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати хабар берди. Унда таъкидланишича, айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори ижросини таъминлаш мақсадида марказнинг травматология, урология, режали хирургия, кўкрак жарроҳлиги, пульмонология, неврология, нефрология, ревмокардиология бўлимларида ана шундай барча қулайликларга эга бўлган палаталар фаолияти йўлга қўйилди.

Бу орқали топилган маблағлардан шифохона моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, беморлар учун қулайликлар яратиш, кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини янада ошириш, замонавий тиббий ускуналар харид қилиш мақсадларида фойдаланилади.
Келгусида бошқа бўлимларда ҳам шундай палаталар очиш мўлжалланмоқда.

Ўлмас Баротов,ЎзА.