Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тиббиёт тизими: халқаро ҳамкорлик янги босқичда
17:13 / 2023-05-26

Самарқанд шаҳридаги “Буюк ипак йўли” халқаро туризм мажмуаси Конгресс марказида Ўзбекистон – Германия халқаро соғлиқни сақлаш форуми ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ўтказилаётган мазкур нуфузли анжуманда вазирлик масъуллари, республикамиздаги ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, тиббий олий таълим муассасалари ва ҳудудий тиббиёт масканлари вакиллари, шунингдек Германиянинг етук олимлари ва экспертлари, нуфузли тиббиёт марказлари, йирик фармацевтик корхоналар раҳбарлари ҳамда инвесторлар офлайн ва онлайн тарзда иштирок этмоқда.  

Формумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов, Германиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Тило Клиннер, Ўзбекистоннинг Германиядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Набижон Қосимов(zoom орқали), “Koch Avitsenna” немис-ўзбек тиббиёт жамияти раиси Хелмут Хан, Германия тараққиёт банкининг (KfW) минтақавий ваколатхонаси директори Андреас Шнайдер, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Йоахим Фритцлар иштирок этиб, тиббиёт йўналиши бўйича икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилганлигини қайд этишди.  

– Германия Ўзбекистон учун ишончли ва стратегик ҳамкор ҳисобланади, – деди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов. –Мустаҳкам дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган кўп қиррали муносабатлар охирги йилларда жадал ривожланиб бормоқда. Хусусан, жорий йил 2-3 май кунлари Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Германияга ташрифи икки томонлама алоқаларда бутунлай янги саҳифа очди. Бугунги форум мазкур ташриф давомида эришилган келишувларнинг амалий натижасидир.  

Форум доирасида йигирма нафарга яқин германиялик мутахассислар Ўзбекистонда тиббий таълим, шифокорлар малакасини ошириш ҳамда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони, тиббиёт олий ўқув юртларининг “Фахрий профессори” унвони ҳамда ташаккурномалари билан тақдирланди.  

– Ўзбекистонда жуда катта ўзгаришлар даври давом этмоқда, – дейди Heidelberg университети қошидаги нейрохирургия клиникаси директори Андреас Гтерберг. – Бу ўзгаришларга ҳар бир ҳудудда дуч келиш мумкин. Хусусан, мен Самарқандга олти йил аввал келгандим. Бугун шаҳарни танимадим, улкан ўзгаришлар амалга оширилган. Тиббиёт соҳасида ҳам ана шундай ислоҳотларнинг гувоҳи бўляпмиз. Шу боис, Самарқанд давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликда фаолият юритиб келяпмиз. Ушбу фаолиятимиз эътироф этилиб, университетнинг фахрий профессори унвони билан тақдирландим. Бу бошлаган ишимизни янада жаддаллик билан амалга оширишга ундайди албатта. Биз нейрохирургия соаҳасида тўплаган тажрибамизни Самарқанд соғлиқни сақлаш тизимига жорий этишни мақсад қилганмиз. Шунингдек, Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳузуридаги Нейрохирургия нейреабилитация марказига амалий ва ўқув ёрдамларини беришни мақсад қилганмиз. Дунё миқёсида бизнинг ушбу соҳадаги фаолиятимиз юқори баҳоланиши ҳеч кимга сир эмас. Шу боис, нейрохирургларни тайёрлаш, жарроҳлик амалиётларини бажаришдаги янги тажрибаларимизни улашиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш ниятидамиз. Бугунги форум доирасида Самарқанд давлат тиббиёт университети билан тузилган меморандум асосида ўзбекистонлик ёш нейрохирурглар Heidelberg университети қошидаги нейрохирургия клиникасида малака ошириши кўзда тутилган. Ўйлайманки, ушбу ҳамкорлигимиз Ўзбекистон тиббиётида улкан самараси билан унинг бугунги янги босқичдаги тараққиётига муносиб ҳисса бўлади.  

Таъкидлаш жоизки, юртимиз тиббиётида Германия билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар кўлами анча юқори. Хусусан, Германия тараққиёт банки (KfW) билан Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш муассасаларини модернизация қилиш, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, муқобил энергия манбаларини ишга тушириш ва тиббий таълим бўйича умумий қиймати 175 миллион еврога тенг 7 та инвестициявий ҳамда грант лойиҳаси амалга оширилмоқда. Шунингдек, Фрайбург университети билан ҳамкорликда тор соҳадаги ҳамшираларни Германия таълим стандартлари бўйича тайёрлаш ва қайта ўқитишга келишилган. Ўқишни битирган ҳамширалар учун Германия клиникаларида фаолият олиб бориш имконияти пайдо бўлади.  

Бундан ташқари, Германия билан ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида Шарите университети ва Роберт Кох институти клиникалари билан ҳамкорликда “Роберт Кох – Ибн Сино” тиббиёт фонди ташкил этилди.  

Мазкур фонд доирасида тиббиёт мутахассислари малакасини ошириш, телемедицина ёрдамида маҳорат дарсларини кенгайтириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш мўлжалланган. Халқаро форум ушбу ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган бўлиб, унда тиббий ҳамкорликни кенгайтириш, соҳани рақамлаштириш, тиббий туризмни ривожлантириш, инвестиция лойиҳалари қамровини кенгайтириш, тиббий таълимда қўшма дастурларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилмоқда.  

Ўзбекистон – Германия халқаро соғлиқни сақлаш форуми секцияларга бўлинган ҳолда давом эттирилди. Унда икки мамлакатнинг тиббиёт соҳасидаги тажрибалари таҳлил қилиниб, ҳамкорлик истиқболлари белгиланмоқда. Жумладан, анжуманларда мамлакатимиздаги қулай инфратузилма ва зарур шароитларнинг мавжудлиги, инвесторларнинг ҳуқуқлари қонун билан мустаҳкамлангани, чет эллик сармоядорларнинг давлатимизга бўлган қизиқиши йилдан йилга ортиб бораётгани инвестициялар ҳажмининг ошишига хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланмоқда.  

[gallery-12077]

Шунингдек, Марказий Осиё давлатларининг 120 миллион нафар аҳолиси учун Ўзбекистонни тиббий туризм пойтахтига айлантириш учун инвестор ва тадбиркорларга барча имконият ва шароитлар яратиб берилиши, Ўзбекистон – Германия соғлиқни сақлаш форуми икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратиши алоҳида қайд этилди.  

Икки кун давом этадиган форум доирасида германиялик ҳамкорлар билан умумий қиймати 100 миллион доллардан ортиқ 70 дан зиёд келишув ва меморандумлар имзоланиши кутилмоқда.  

Ғ.Ҳасанов,

А.Исроилов (сурат), ЎзА