Бухоро вилояти прокуратураси томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида соғлиқни сақлаш тизимида, айниқса, ишга олиш масаласида коррупция илдиз отганлиги аниқланган.
Вилоятда тиббиёт муассасалари ходимлари томонидан 2020 йилда 12 та, 2021 йилда 16 та пора эвазига ишга қўйиш учун таъмагирлик жиноятлари содир этилган. Таҳлилларга кўра, коррупцион ҳолатларни вужудга келтирувчи асосий омил бевосита ишга олишга масъул кадрлар бўлими бошлиқларининг лавозимида беш йил ва ундан ортиқ муддатда ишлаб келаётганлиги сабаб бўлмоқда. Вилоят тиббиёт муассасаларидаги кадрлар бўлими бошлиғи ёки масъулларидан 7 нафари 25 йилдан 27 йилгача, 4 нафари 10 йилдан 20 йилгача, 11 нафари 5 йилдан 10 йилгача бўлган муддат мобайнида ишлаб келмоқда. Бундай ҳолатни вилоят бўйича тиббиёт муассасалари бошлиқларида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, улардан 4 нафари 10 йилдан 20 йилгача, 3 нафари 10 йилдан буён ҳамда 12 нафари 5 йилдан ортиқ муддатда лавозимда ишлаб келмоқда.
Масалан, Шофиркон тумани тиббиёт бирлашмасида кадрлар бўлими мансабдори 1998 йилдан (23 йилдан) буён ишлаб келаётган бўлиб, 2020 ва 2021 йилларда ушбу бирлашмада таъмагирлик эвазига ишга жойлаштириш билан боғлиқ 2 та жиноят содир этилган. Тиббиёт бирлашмаси ташкилий услубий бўлим мудири лавозимида ишлаб келган мансабдор шахс фуқаро Қ.дан 400 АҚШ доллари, мутахассиси эса фуқаро М.дан 700 АҚШ долларини туман тиббиёт бирлашмаси мансабдорлари орқали ишга жойлаштириш эвазига олган вақтда қўлга олинган. Вилоят тери таносил касалликлари диспансерида кадрлар бўлими бошлиғи сифатида ишлаган ходим 1994 йилдан (27 йилдан) буён ишлаб келаётган бўлиб, ушбу муассасада ҳам таъмагирлик эвазига ишга жойлаштириш билан боғлиқ 2 та жиноят содир этилган.
Тиббиёт муассасаларида 2 минг 806 нафар шахс иш ҳақи ўртача 350 минг сўм бўлган 0,25 ҳиссада, 3 минг 798 нафари иш ҳақи ўртача 700 минг сўм бўлган 0,50 ҳиссада ишлаб келаётгани аниқланган. Ваҳоланки, Соғлиқни сақлаш вазирининг 2019 йил 21 январдаги 18-сонли буйруғига асосан асосий иш жойига тиббиёт ходимларини фақат тўлиқ ставкага ишга олиниши белгиланган. Сўнги уч йилда вилоятдаги мавжуд 4 та тиббиёт техникумларида таҳсил олган жами 2 минг 541 нафар битирувчиларнинг ҳозирда 1 минг 275 нафари (50.1 фоизи)нинг бандлиги таъминланган холос.
Ишга жойлашиш билан боғлиқ жиноятлар содир этилишига коррупцион унсурлардан яна бири аҳолига бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотларни тақдим этмаслик бўлиб, бу борада жамоатчилик назорати ўрнатилмаган. Ахборот коммуникациялари ривожланган бугунги даврда бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотлар Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги очиқ электрон портал орқали ҳар ойда тақдим этилиши белгиланган. Бироқ, вилоятдаги тиббиёт муассасаларида бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар кенг жамоатчилик ихтиёрига етказилмасдан, бюрократик тўсиқликларга барҳам берилмаган. Сўнги икки йилда бўш иш ўринларини яшириш билан боғлиқ 33 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Айбдор мансабдор шахсларнинг маъмурий жавобгарлик масаласи ҳал этилган. Бундан ташқари, 2021 йил мобайнида соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари томонидан 12 та ҳолатда таъмагирлик ва ўзгалар мулкини талон-торож қилиш билан боғлиқ жиноятлар содир этилган.
Албатта бу муаммолар бугун пайдо бўлган эмас. Бу йиллар давомида тўпланиб келаётган соҳадаги муаммоларнинг аянчли оқибати. Лекин коррупциянинг олдини олиш ва унга барҳам бериш борасида Давлат раҳбари ташаббуси билан етарлича имкониятлар яратилган. Бундан унумли фойдаланиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш тиббиёт муассасалари раҳбарларидан бошлаб, маҳаллий ҳокимият вакилларигача бўлган масъуллар зиммасидадир.
Зариф Комилов, ЎзА