Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тиббиёт тизими: барча ислоҳотлар инсон қадри учун
11:47 / 2023-04-15

Мамлакатимизда бирламчи тиббий хизматларни аҳолига янада яқинлаштириш, тиббиёт муассасалари шароитини яхшилаш, соҳа ходимларини ҳар томонлама рағбатлантириш, тиббиёт соҳасини малакали кадрлар билан таъминлаш, жамиятда соғлом турмуш маданиятини ошириш, касалликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш мақсадида кенг қамровли ишлар йўлга қўйилди.

Бу чекка ҳудудларда тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш,  илгарилари  хорижда ва пойтахтда ўтказилган мураккаб ва юқори технологик ташхислаш ва даволаш ишларини  бошқа вилоятларда бўлгани каби Сирдарёда йўлга қўйиш,  аҳолини соғлиқ билан боғлиқ муаммоларини эрта босқичларда аниқлаш ва даволаш, аниқроғи, тиббиётни аҳолига янада яқинлаштириш имконини бермоқда.

Президентимиз ташаббуси билан "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ва унинг вилоят ҳудудий бўлими  томонидан ажратилган 1 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига ижтимоий ҳимояга ва даволанишга муҳтож фуқаролардан 43 нафарида мураккаб ва  юқори технологик  жарроҳлик амалиёти бажарилди. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий амалий тиббиёт маркази вилоят ҳудудий филиали, унинг рентген-эндоваскуляр хирургия бўлимида 23 нафар беморнинг уйқу, оёқ, сон, қорин, ўмров суяк, буйрак ва бошқа юрак қон томир артериялари билан боғлиқ коронарография текшируви, стентлаш амалиётлари ўтказилди. Бундан ташқари, юрак туғма нуқсони бор болалар саломатлигини тиклаш ва уларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида 56 нафар сирдарёлик болалар Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига юборилиб, шундан 13 нафарида юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Қолган болаларни юрак туғма нуқсони билан боғлиқ жарроҳлик амалиётини жорий йилнинг 22 май санасига қадар амалга ошириш белгиланган. Бунда вилоят прокуратурасининг амалий ёрдами катта бўлмоқда. Улар ёрдами билан тиббиёт соҳасидаги муаммоларга ечим топилиб, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат кўрсатиш кўлами ошмоқда. Эътибордан четда қолиб кетган фуқаролар аниқланиб, уларнинг саломатлиги тикланмоқда.

Энг муҳими, тиббиётдаги ислоҳотлар соғлиқни сақлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш, халқимизга тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлиги ва сифатини оширишга ёрдам бермоқда. Аҳолининг соғлиқ билан боғлиқ мурожаатлари, тизим ривожига тўсиқ бўлаётган оғриқли масалалар прокуратура ходимлари ёрдами билан параллел равишда ҳал этилмоқда.

Шуҳрат Суяров, ЎзА