Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тиббиёт: тизимда янги босқич ва кенг кўламли ислоҳотлар
15:49 / 2026-01-05

Янги йилнинг илк кунлариданоқ мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасини янада ривожлантириш, тиббий хизматлар сифатини ошириш ва аҳоли учун қулай шароитлар яратишга қаратилган муҳим вазифалар белгилаб олинди. Сўнгги йилларда бу йўналишда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар янги йилда ҳам изчил давом эттирилиб, соҳадаги трансформация жараёнлари янги босқичга кўтарилаётир.

Хусусан, давлат бюджетидан тиббиётга ажратилаётган маблағлар ҳажми йилдан-йилга ортиб бормоқда. Охирги 8 йил давомида соғлиқни сақлаш тизимига йўналтирилаётган маблағлар 6 баробарга кўпайди. Агар 2025 йилда ушбу кўрсаткич 42 трлн. сўмни ташкил этган бўлса, 2026 йилда уни 49 трлн. сўмга етказиш режалаштирилмоқда. Бу маблағлар соҳада ечимини кутаётган долзарб масалаларни ҳал этиш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда тиббиёт ходимлари учун муносиб меҳнат шароитларини яратишга йўналтирилади.

Ажратилаётган маблағлар доирасида 2026 йилда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури асосида мамлакат бўйлаб 227 та тиббиёт муассасасида жами 1 трлн. 750 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Жумладан, 36 та янги тиббиёт объекти барпо этилади, 108 та муассасада реконструкция ишлари олиб борилади, 83 та бинода эса мукаммал таъмирлаш режалаштирилган. Лойиҳаларнинг асосий қисми — 209 та объект тўлиқ янгидан бошланиши билан аҳамиятлидир.

Бу ишлар ҳудудлар кесимида ҳам аниқ режалар асосида амалга оширилмоқда. Президентнинг тегишли қарорига мувофиқ, Самарқанд вилояти соғлиқни сақлашнинг янги моделини жорий этиш бўйича тажриба-синов ҳудуди сифатида белгиланган. Ана шу моделни 2026 йилдан тўлиқ жорий этиш мақсадида вилоятда 117 та тиббиёт объектида 479 млрд. 300 млн. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилади.

Хусусан, аҳолига тиббий хизматларни янада яқинлаштириш мақсадида 1-2-типдаги 95 та оилавий поликлиниканинг қурилиш-таъмирлаш ишларига 360 млрд. сўм маблағ йўналтирилади. Шунингдек, Ургут туманида халқаро талабларга тўлиқ жавоб берадиган намунавий типдаги янги шифохона барпо этиш ишлари бошланади. Бу орқали вилоятдаги тиббиёт муассасаларининг 90 фоиздан ортиғининг моддий-техник базаси яхшиланиши кутилмоқда.

Амалга оширилаётган ушбу чора-тадбирлар натижасида аҳоли учун тиббий хизматлар “бир қадам” тамойили асосида ташкил этилади. Натижада мурожаатларнинг камида 70 фоизини бирламчи бўғинда ҳал этиш имкони яратилиб, тиббий хизматлар сифати ва самарадорлиги сезиларли даражада ошади.

Моҳигул Қосимова, ЎзА