Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тиббиёт тарихида янги саҳифа: Испанияда илк бор юз трансплантацияси
16:10 / 2026-02-03

Дунё тиббиётида мисли кўрилмаган воқеа юз берди: илк бор тиббий ёрдам орқали ҳаётийлиги тўхтатилган - эвтаназия қилинган донор тўқимаси ёрдамида юз трансплантацияси амалга оширилди. Мазкур ташаббус мураккаб трансплантация ва реконструктив жарроҳлик соҳаларида мутлақо янги имкониятлар очади.

Амалиёт Барселонадаги “Vall d'Hebron University” шифохонасида ўтказилди. Беморда оғир инфекция оқибатида юз тўқимаси жиддий шикастланган бўлиб, нафас олиш, овқатланиш ва гапириш каби ҳаётий функциялар издан чиққан эди. Трансплантация натижасида беморнинг юзи қисман қайта жонланди ва функционал тикланиш жараёни бошланди.

Муҳим жиҳати шундаки, донор вафотидан кейин аъзолари ва тўқималарини беришга расман розилик билдирган. Натижада тиббий жамоа мураккаб жарроҳлик амалиётига пухта тайёргарлик кўриш, тўқимани аниқ мослаштириш ва хавфни камайтириш имконига эга бўлди.

Операцияга пластик жарроҳлик ва куйиш бўлими раҳбари доктор Жоан Пере Баррет бошчилик қилди. Жараёнда қарийб 100 нафар мутахассис — жарроҳлар, анестезиологлар, ҳамширалар, микрожарроҳлик, иммунология ва руҳий саломатлик бўйича шифокорлар иштирок этди. Маълумотга кўра, бундай трансплантация тери, мушак, асаб ва суяк тузилмаларини кўчириш, шунингдек бемор умри давомида иммун тизимини назорат қилувчи дори-дармон қабул қилиб юришини тақозо этади.

Шифохона маъмурияти ушбу жараён қатъий ахлоқий ва ҳуқуқий меъёрларга тўлиқ амал қилинган ҳолда бажарилганини таъкидлаб, донор ва унинг оиласи кўрсатган саховат мазкур тарихий муваффақият учун асосий омил бўлганини эътироф этди.

Мусулмон Зиё, ЎзА