Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилиш давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида олға сурилган ғоялар доирасида тиббиётни янада тараққий эттириш масалаларига бағишланди.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Отабек Бозоров, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Алиёр Нуралиев тиббиётни янги босқичга кўтариш учун мукаммал ва узоқни кўзловчи “Йўл харитаси” ишлаб чиқиш, бунда, аввало, соғлиқни сақлашнинг эртаси ва келажагига дахлдор истиқболларни ўз ичига олувчи мақсадлар ифодасини топиши зарурлигини таъкидлади.

Қайд этилганидек, жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда бошқа молиявий тузилмалар билан ҳамкорликни янада кучайтириш, тиббиётни жадал ривожлантириш, халқаро андозалар даражасида юксалтириш йўлларини излаш жоиз. Бу йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтаришга бугунданоқ астойдил киришиш жуда муҳим.

Кадрлар захирасини яратиш, шифокорлар билимини муттасил бойитиб бориш ва малакасини ўстириш билан боғлиқ ишларни янада кучайтириш заруриятини давр тақозо этмоқда. Демак, тез орада бу вазифалар ижросига киришилади. Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали ва вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази раҳбарларига берилган топшириққа мувофиқ, мазкур шифо масканларини янада ривожлантириш ва моддий техник базасини мустаҳкамлаш истиқболлари юзасидан семинар ташкил этилади.

Анжуманда ҳар икки муассаса раҳбарлари яқин йилларга мўлжалланган режалари билан ўртоқлашади. Йиғилишда долзарб мақсад-вазифалар ва ҳал қилиниши муҳим бўлган келгусидаги режалар белгилаб берилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.