Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тиббиёт статистикаси: Сўнгги 10 йилда дунёда аллергик касалликлар кўрсаткичи икки баробар ошган
17:22 / 2022-05-30

Пойтахтимизда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази томонидан хорижий ташкилотлар ҳамкорлигида молекуляр аллергодиагностика соҳасига оид халқаро форум ўтказилмоқда.

 Тадбирда Австрия, Германия, Россия, Грузия, Қозоғистон каби қатор давлатлардан ташриф буюрган ҳамда юртимизда фаолият олиб бораётган аллергология-иммунология соҳаси бўйича етакчи олим ва мутахассислар ўз маърузалари билан иштирок этмоқда.  

Форумда аллергик касалликларни ташхислаш, даволаш ва олдини олишда илғор тиббий технологиялардан фойдаланишнинг самарадорлиги хусусида сўз юритилиб, халқаро тажрибалар, ютуқлар, соҳа олдидаги долзарб муаммолар, масалалар ҳақида фикр алмашилмоқда.   

Маълумотларга кўра, ҳозир ер юзида энг кўп тарқалган ноинфекцион хасталиклар орасида аллергик касалликлар юқори ўринни эгаллайди. У дунё аҳолисининг қарийб 35-40 фоизида учрайди. Айниқса, кейинги 10 йил ичида жаҳонда аллергик касалликлар кўрсаткичи 2 баробар ошгани хавотирли ҳолат. Бу экологик муаммолар, нотўғри овқатланиш, дори воситаларини ҳаддан ташқари кўп қабул қилиш, кам ҳаракатлилик каби омиллар билан боғлиқ.    

Бу эса соҳага инновацион ёндашувлар, илғор ташхис ва муолажа усулларини кенг татбиқ этиш заруратини юзага келтирмоқда. Молекуляр аллергодиагностика ана шундай истиқболли йўналишлардан биридир.   

Ўзбекистонда бу борада эришилган ютуқлар, галдаги устувор вазифалар ҳамда мавжуд муаммоларнинг ечимларига доир  тақдимотлар, замонавий дори воситалари, янги диагностика технологиялари кўргазмаси иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.  

Тадбир доирасида аллергология-иммунология соҳасига ихтисослашган амалиёт шифокорлари учун маҳорат дарслари ўтказилмоқда.  

Моҳигул Қосимова, ЎзА