English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тиббиёт соҳасига эътибор янада кучаяди
18:22 / 2023-06-17

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги ишончли вакили Байрамбай Отемуратов тахтакўпирлик сайловчилар билан учрашди.

Унда маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.  

Ишончли вакил  сайловчиларга  номзоднинг  бешта устувор мақсадни ўз ичига олган  сайловолди дастури ва ундаги устувор йўналишлар бўйича маълумот берди.    

Таъкидланганидек, дастурдаги биринчи мақсад  ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароит яратишга қаратилган чора-тадбирларни ўз ичига олади. Айниқса, бунда  тиббиёт соҳасига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Яъни номзоднинг сайловолди дастурида келгуси йилдан  бирламчи бўғин орқали энг кўп учрайдиган 10 касалликни даволаш ва 6 тиббий хизматдан иборат кафолатланган тиббий пакет аҳолига бепул тақдим этилади. Бу орқали тиббий ёрдамга муҳтож аҳолининг 70 фоиз мурожаати бирламчи бўғиннинг ўзида ҳал бўлади.

Онкологик беморлар ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида мамлакатимизда илк бор ўзак ҳужайраларини трансплантация қилиш йўлга қўйилади. Бу борадаги харажатлар эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун тўлиқ давлат ҳисобидан қопланади. Туғиш ёшидаги ва ҳомиладор аёллар, болаларга 7 турдаги витаминлар, йод ва фолий кислотасини бепул тарқатиш  келгуси йилларда ҳам давом эттирилади. Яна бир муҳим янгилик – соғлиқни сақлаш тизими тўлиқ рақамлаштирилади ва тиббий суғурта тизими жорий қилинади. Умуман, 2030 йилга қадар тиббиётга бюджетдан ажратиладиган йиллик маблағ ҳажмини 2 карра ошириб, 6 миллиард долларга етказиши қайд қилинган.  

Бундан ташқари, номзод Шавкат Мирзиёевнинг қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашувида  ҳудуд аҳолиси  учун барча соҳалар сингари тиббиёт соҳаси бўйича ҳам бир қатор таклифлар  илгари сурилди. Хусусан,   Тошкентда мавжуд бўлган барча замонавий тиббий хизматлар Нукусда ҳам йўлга қўйилади, олис ва чекка овуллардаги тиббиёт ходимларига 5 миллион сўмгача алоҳида устама берилади. Қорақалпоғистондаги Онкология ва радиология маркази филиали учун янги бино қурилади ва энг замонавий ускуналар билан тўлиқ жиҳозланади. Унинг ҳудудида беморларнинг яқинлари вақтинча яшаб турадиган ётоқхона барпо этилади. Энди, келаси йилдан Тахтакўпир, Чимбой, Қораўзак, Бўзатов, Шуманай, Қўнғиротда ҳам 200 фоизлик ойлик устама тўлаш йўлга қўйилади (ҳозирда устама 100 фоиз бўлгани учун бу туманларга шифокорлар бормаяпти).  

Шунингдек, Қорақалпоғистондаги олис ва чекка овулларда ишлаётган барча малакали тиббиёт ходимларига 5 миллион сўмгача алоҳида устама берилади. Шу билан бирга, қорақалпоғистонлик болаларга юқори технологик операциялар учун ҳомийлик қилган тадбиркорларнинг ушбу харажатлари солиқ ундириш базасидан чегириб ташланади.  

Учрашув давомида ишончли вакил  тахтакўпирлик сайловчиларни Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевга овоз беришга даъват этди.  

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА