Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббиёт муассасаларини хавфсиз ва сифатли дори-дармонлар, тиббий буюмлар билан таъминлаш, соҳага рақамлаштиришни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг ижобий натижасини бермоқда.
Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 7 июлдаги “Қорақалпоғистон Республикасида 2022-2024 йилларда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни янада кучайтириш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида тиббий хизматлар сифати ва қамрови ошиб бормоқда.

– Соҳада хорижий клиникалар билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб, 2024 йил давомида 11 та халқаро меморандум имзоланди. Хусусан, Миср, Россия Федерацияси, Туркия, Япония, Исроил, Жанубий Корея билан шериклик алоқалари ўрнатилди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати бош мутахасисси Гулзар Джумагулова. – Халқаро лойиҳалардан бири – Хитой Халқ Республикасининг “CSADI” компанияси кўмагида Нукус шаҳрида болалар тиббиёт кластери қурилиши режалаштирилган. Бугунги кунда 1,2 гектар ер майдони ажратилган ва ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Нукус шаҳрида Бирлашган Араб амирлигининг Шайх Халифа номидаги шифохонаси бунёд этилади. Унинг қурилишини “Orient Construction Services Group” масъулияти чекланган жамияти келгуси йилнинг биринчи чорагида якунлашни режалаштирган. Мазкур шифохона оналар ва болалар учун мўлжалланган.
Шунингдек, Жанубий Кореянинг “Acryl AI” компанияси таклифига биноан, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари Сеул шаҳрида бўлиб, Корея Республикасининг тиббиётдаги замонавий технологиялари ва фармацевтика саноати билан танишди. Мазкур компания билан рақамлаштириш соҳасидаги лойиҳалар муҳокама қилиниб, уларнинг мамлакатимизда амалга оширилишини жадаллаштириш бўйича музокаралар олиб борилди.
Жорий йилда ҳам соғлиқни сақлаш соҳасида хорижий давлатлар билан халқаро алоқаларни ўрнатиш йўлга қўйилмоқда. Масалан, жорий йилнинг 20 февраль куни Ҳиндистон Республикаси "Sharda Hospital" клиникаси билан халқаро меморандум имзоланди ва шу йилнинг 18-19 август кунлари ҳудудда соғлиқни сақлаш соҳасида инсонпарварлик акцияси ўтказилди. Шу билан бирга, Германия Федератив Республикасининг “RecruitMed” компанияси ёрдами билан ҳудудда лойиҳа доирасида ишсиз ўрта тиббиёт ходимлари бепул ўқитилиб ҳамда хорижга ишга жойлаштириш ишлари бепул амалга оширилмоқда.
АҚШнинг “TIFO” ташкилоти ёрдами билан худудда “Орол фожиасининг минтақавий аҳоли саломатлигига салбий таъсирини ўрганиш” лойиҳаси доирасида сув намуналари олиш ва ўрганиш ишлари амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг 29 апрель – 5 май кунлари давомида Қувайт давлатининг “Hоре” ташкилоти ёрдами билан соғлиқни сақлаш доирасида инсонпарварлик акцияси амалга оширилди. Ушбу акция доирасида минтақавий муҳтож оилалардаги беморларга 253 та жарроҳлик амалиёти, 36 та муолажа ҳамда 420 та тиббий кўрик бепул амалга оширилишига эришилди. Шу билан бирга, яна бир муҳим лойиҳа бўйича Япониянинг "Digital knowledge" компанияси томонидан ҳомиладор аёллар учун мўлжалланган рақамлаштирилган платформани бирламчи тиббиёт бўғини ходимлари амалиётига жорий этиш қўшма лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Ривожланган хорижий давлатлар билан тиббиёт соҳасидаги халқаро ҳамкорлик соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда тиббиёт ва фармацевтика соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади. Шунингдек, бу борада илғор технологияларни жорий этиш, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, тиббий туризм, соҳада ахборот-коммуникация технологияларини жадал қўллаш, электрон соғлиқни сақлашнинг ягона тартибини ишлаб чиқиш ғоятда муҳим ҳисобланади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири