Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тиббиёт соҳасида ёш олимларга янги имконият эшиклари очилмоқда
15:49 / 2022-03-16

Ўзбекистон тиббиёти – инсон қадри учун

Кейинги 5 йилда мамлакатимизда ёшларга, айниқса, ёш олимларга катта эътибор қаратилиб, мазкур йўналишда ижобий натижаларга эришилмоқда. Тошкент педиатрия тиббиёт институти Янги Ўзбекистоннинг замонавий таълим маскани сифатида кўп йиллар давомида тиббиёт соҳасига кадрларни тайёрлаб келмоқда. 

Бугунги кунда институт инфратузилмаси кампус даражасига келтирилиб, унинг ҳудудида замонавий жиҳозланган ўқув бинолари, минглаб ўқув ва илмий адабиётларга эга ахборот-ресурс маркази, замонавий спорт мажмуаси, соғлом овқатланиш учун шароитларга эга талабалар ошхонаси, талабалар амалий кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган ва юқори технологик муляж ва робот-симуляторларни мужассам қилган ўқув симуляция маркази, талабалар турар-жойи ҳамда болаларга юқори малакали ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган институт клиникаси фаолият юритмоқда. 

Энг муҳими, ушбу маскан тўлиқ рақамлаштирилган ягона тизим орқали бошқарилади. Ҳозирда, институтда 5 минг 600 нафардан ортиқ бўлажак шифокорлар тиббий билимларни ўзлаштирмоқда. 

Таълим жараёни компьютер, видео-проектор, электрон доска, электрон минбар, LED экран каби замонавий ускуналар билан жиҳозланган ҳамда Wi-Fi интернет тармоғига уланган институт ўқув биноларидаги 200 дан зиёд аудиториялар, маъруза комплекси ва даволаш-профилактика муассасаларида жойлашган 83 та клиник ўқув базаларида олиб борилиши институтни халқаро стандартларга жавоб берадиган олий ўқув юрти сифатида тан олинишига замин яратди. 

Таълим жараёнини лаборатор амалиётга асосланган ҳолда амалга ошириш ва замонавий илмий инфратузилмани шакллантириш мақсадида институтда жаҳон андозасига мос равишда замонавий лаборатор асбоб-ускуналар билан жиҳозланган 7 та ўқув лабораторияси ташкил этилган.  

Институт ахборот-ресурс маркази фонди 291 минг 203 та китобга етказилди. Ҳар йили 2,5 миллиард сўмлик янги адабиётлар харид қилинади. Уларнинг тенг ярми хорижий адабиётлардир. Бундан ташқари, институт ёш олимлари ва талаба-ёшлари учун ГEОТАР-Медиа нашриётининг электрон базасидаги 3 мингдан зиёд электрон дарслик, ўқув қўлланма, илмий журналлар каби адабиётларидан очиқ фойдаланиш имконияти яратилди.  

Шунингдек, тиббиётни рақамлаштириш ва янги автоматлаштирилган дастурларни яратиш, уларни амалий тиббиётга татбиқ этиш ишлари институтда янги ташкил этилган IT-паркнинг асосий мақсадларидан ҳисобланади. Ушбу парк ўз ичида олий тиббий таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ахборот технологиялари ва сунъий интеллект технологиялари бўйича қўшма лабораторияни мужассам қилган. 

Мазкур шароитлардан оқилона фойдаланган ҳолда, институтда иқтидорли ёшларни тайёрлашнинг янги механизми орқали ижобий ўзгаришларга эришилди. Аввало, бакалавриатда ўқиш муддати 6 йиллик таълимга ўтказилиб, халқаро тажрибани ўрганиш асосида клиник амалиёт улуши 50 фоизга етказилди. Сўнгги 5 йил ичида меҳнат бозори талабларидан келиб чиқиб, 3 та янги таълим йўналиши, магистратура ва клиник ординатура босқиларида 6 та тор мутахассислик бўйича қабул ташкил этилди.  

Россиянинг Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт университети билан қўшма дастур асосида 3 та бакалавриат таълим йўналиши, 1 та магистратура ва 9 та клиник ординатура мутахассислигини ўз ичига олган халқаро факультет ташкил этилганлиги ҳам муҳим воқеалардан бири бўлди.  

Шунингдек, иқтидорли ёшлар орасида яратилган инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда институтда “start-up” экотизимини яратиш тамойили асосида IT-Park билан ҳамкорликда инкубация маркази ташкил қилинди. 

Қолаверса, алоҳида қобилият ва иқтидор эгаси бўлган, жамоат ишларида фаол ва чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги халқаро сертификатга эга институт талабаларини рағбатлантириш тартиби ишлаб чиқилган. Яратилган шароитлар ва механизмларни қўллаш орқали институт ёшлари қатор ютуқларга эришди. 

Хусусан, давлатимиз томонидан ёш олимларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ижобий ишлардан бири – номзодлик ёки докторлик диссертациясини тайёрлаш учун ўқишга кириб, муддатдан аввал ҳимоя қилган ёш олимларга бир марталик пул мукофотларини бериш тизими жорий этилишидир. Ушбу имкониятдан оқилона фойдаланган ҳолда, ёш олима Саодатхон Солиҳова ҳам ўз докторлик (PhD) диссертациясини муддатдан аввал ҳимоя қилгани учун 53 миллион сўм миқдорида пул мукофотига сазовор бўлди. 

2018-2021 йилларда институтнинг 45 нафар ёш олими “Эл-юрт умиди” жамғармаси грантига сазовор бўлди. Масалан, институтимизнинг ёш олими Муродбек Аҳроров “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендияси совриндори бўлиб, 2018-2020 йилларда дунёнинг энг нуфузли ТОП-200 университетлари рўйхатидаги Канаданинг Алберта университети магистратурасининг “Жарроҳлик” таълим йўналишида таҳсил олган. 

Институт томонидан республикамизда илк маротаба Санкт-Петербург Давлат педиатрия тиббиёт университети билан қўшма “Евросиё педиатрия ахборотномаси” номли халқаро ҳамкорликдаги илмий-амалий журнал таъсис этилди. 

Кейинги беш йилда институт талабаларига яратилган имкониятлар натижасида 7 нафар талаба Ўзбекистон Республикаси Президенти, 5 нафар талаба Ислом Каримов ва яна 8 нафар талаба Ибн Сино номидаги давлат стипендиялари соҳиби бўлди. Шунингдек, 18 нафар талаба Ўзбекистон врачлар ассоциацияси томонидан жорий этилган стипендияларга сазовор бўлди. 

Институт талабалари орасида республика ва хорижий фан олимпиадалари ва танловлар ғолиблари 40 нафарни ташкил этган. Институт талабалари жамоаси 2018 йилда Санкт-Петербург шаҳрида Педиатрия фанидан ўтказилган халқаро олимпиадада фахрли 2-ўринни эгаллаган.  

Институтнинг 35 нафар талабаси республика миқёсидаги маънавий, илмий-интелектуал танловлар ва спорт мусобақаларида ғолибликни қўлга киритиб, “Мард ўғлон” ва “Зулфия” давлат мукофотлари, “Ўзбекистон белгиси” ва “Меҳр-саховат” кўкрак нишони соҳиблари бўлди. 

IT-Park, IT-Academy ва Dubai Future Foundation (БАА) томонидан ўтказилган “Students Cup-2021” халқаро танловида институт талабаларининг Lalu.uz лойиҳаси республика миқёсида учинчи ўринни эгаллаб 4 000 доллар миқдорида рағбатлантирилди. Таълим тизимидаги энг муҳим янгиликлардан бири олий ўқув юртлари ва таълим тизимининг қуйи бўғинлари ўртасида узвийлик ва таълим узлуксизлигини кучайтириш мақсадида академик лицейларни олий ўқув юртлари тасарруфига ўтказилиши бўлди.  

Натижада, институт ўз академик лицейи фаолиятига кўмаклашиши орқали лицей ўқувчилари кимё, биология фанларидан Жаҳон ва Халқаро Менделеев олимпиадаларида совринли ўринларни эгаллаб, Россия, АҚШ, Туркия, Қозоғистон, Корея, Сингапур каби кўплаб мамлакатларда юртимиз байроғини баланд кўтарди. 

Жумладан, фан олимпиадаларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, жами 83 та, шундан 13 та олтин, 24 та кумуш ва 46 та бронза медалини қўлга киритди. 

Бир сўз билан айтганда, Президент ташаббуси билан йўлга қўйилган тиббий таълимни комплекс ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатлар тиббий таълим тизимини халқаро стандарт талабларига мослаштирилиш ва ёш олимларни тайёрлаш жараёнини самарали ташкил этиш орқали юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлашга хизмат қилди. 

 
Хасанхожа Абидов,  
Тошкент педиатрия тиббиёт институти  
таянч докторанти (PhD) 

ЎзА