Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тиббиёт соҳасида халқаро ҳамкорлик ривожланмоқда
17:47 / 2024-03-28

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимларидан иборат делегация аъзолари Туркия Республикасининг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган «Йирик бўғимлар эндопротезлашнинг долзарб муаммолари» мавзуидаги халқаро анжуман ва маҳорат дарсларида иштирок этди.

Ушбу анжуман илк маротаба ташкил этилган бўлиб, унда хорижий мамлакатлардан 103 нафар етакчи мутахассис қатнашди. 

– Анжуманда чаноқ-сон бўғимини эндопротезлашнинг долзарб муаммолари юзасидан маъруза билан иштирок этдим, – дейди Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази директори, профессор Муроджон Ирисметов. –Чаноқ-cон бўғими эндопротезлаш амалиётларида учрайдиган мураккаб ҳолатлар ва уларнинг ечимлари бўйича билдирган таклифларим хорижлик мутахассисларда қизиқиш уйғотди. Сессия сўнгида бу бўйича қизғин мунозаралар қилинди. 

Юртимиз травматолог-ортопедлари соҳада дунёнинг етакчи мамлакатлари тажрибалари билан мунтазам танишиб бормоқда. Ўз навбатида, замонавий жарроҳлик усулларининг барчаси юртимизда амалга оширилмоқда. 

Гулноза Бобоева, ЎзА