Мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллик шодиёналари давом этаётган айни дамларда ўтган тарихан қисқа даврда барча соҳаларда эришган ютуқ ва натижаларимиз сарҳисобини қилар эканмиз, забт этилган марралардан кўнгил қувонади.
Истиқлол нафаси юртимизга, халқимизга ҳар жиҳатдан юксалиш пиллапояларини инъом этганидан шукрона айтамиз. Бугун юртдошларимиз мустақиллик шарофати билан ҳар бир соҳа ва йўналишда енгиллик ва қулайликлар яратилганини ўз ҳаёти, кундалик турмуши мисолида ҳис қилмоқда.
Биргина соғлиқни сақлаш тизимини оладиган бўлсак, соҳани янада такомиллаштириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, аҳоли саломатлигини сақлаш борасида муҳим ва ҳаётий ислоҳотлар амалга оширилди. Давлатимиз раҳбари соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратиб, сифатли тиббий хизматга бўлган талабни қондириш, қулай шароитлар яратиш зарурлигини таъкидламоқда.

Мазкур тизимда олиб борилаётган ишлар ва эришилган натижалар хусусида асли касби шифокор бўлган парламент қуйи палатаси депутати Қизилгул Қосимова қуйидагиларни таъкидлади:
—Ўтган даврда соғлиқни сақлаш соҳасини янада ривожлантириш, тиббий хизматлар кўлами ва сифатини оширишга қаратилган кўплаб фармон ва қарорлар қабул қилиниб, мамлакатимизда тиббиёт муассасаларидан тортиб, кадрлар фаолиятигача бўлган жараён янги тартибда ўзгарди, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ва соғлиқни сақлаш тизимининг хизматлар қамровини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. 2017-2021 йилларда инвестиция дастурлари доирасида соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги жами 62 минг 644 ўринли 1 минг 370 та тиббиёт муассасасида 7,2 триллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Соғлиқни сақлашни ислоҳ қилиш давлат дастурлари амалга оширилиши туфайли мамлакатимизда юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишнинг принципиал жиҳатдан янги тизими ташкил этилди. Яқин 5-6 йил илгари ихтисослаштирилган юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш асосан Тошкент шаҳрида жамланиши республика минтақалари аҳолисининг тегишли хизматлардан фойдаланишини чеклаб қўяётганди.
Бугун эса ушбу марказлар сони 10 тадан 24 тага, уларнинг ҳудудий филиаллари 2 тадан 270 тага оширилди. Натижада марказлар томонидан амалиётга татбиқ қилинган янги ташхислаш ва даволаш усуллари сони 260 тадан 2 минг 84 тага ошди. Шунингдек, жойларда хирургия йўналишида қўшимча 27 турдаги, эндокринологияда 7, кардиологияда 14 турдаги юқори технологик амалиётлар жорий этилган.
Юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ҳам ўзимизда амалга оширилаётгани хорижга сарсон бўлиб боришларни бартараф этмоқда. Бу борада хорижий ёки Республика марказларининг мутахассислари билан телетиббиёт орқали маслаҳат, консультациялар олиб борилмоқда. Телетиббиёт орқали ҳудудларда маслаҳат берилган беморлар сони 2020 йилда 8 минг 952 тани ташкил қилган бўлса, 2022 йил якунига кўра бу кўрсаткич 25 минг 231 тани ташкил қилди.
Бундан ташқари, соҳани халқимизга янада яқинлаштириш мақсадида ҳудудларда оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалар тармоғини янада кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Йил бошидан буён 46 та оилавий шифокор пункти ва 35 та маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этилиб, 250 минг нафар аҳолига бирламчи тиббиёт яқинлаштирилди. 2023-2024 йиллар давомида қўшимча 1 минг 373 та тиббиёт муассасаларини ташкил этиш режалаштирилган. Натижада 90 фоиз маҳаллада энг яқин тиббиёт муассасасигача бўлган масофа 3 километргача ва 10 фоиз маҳаллада 5 километргача бўлади.
Бир сўз билан айтганда, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар, соҳадаги ислоҳотлар янги ҳаёт, Янги Ўзбекистон учун!
ЎзА мухбири
Муҳтарама Комилова
ёзиб олди.