Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тиббиёт сифати яхшиланади, соҳада имконият кенгаяди
18:24 / 2023-04-12

Пойтахтимизда “Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш тизими трансформацияси” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди.

Тадбирда АҚШ, Хитой, Россия, Туркия, Германия, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари каби 20 га яқин хорижий давлатнинг юртимиздаги дипломатик корпус вакиллари, халқаро ташкилотлар, чет эллик инвесторлар билан ҳамкорликда ташкил этилган хусусий тиббиёт клиникалари раҳбарлари, мамлакатимизга инвестиция киритиш ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларида иштирок этиш истагидаги халқаро донорлар ҳамда маҳаллий йирик тадбиркорлар қатнашди.

Форумда юртимиз соғлиқни сақлаш тизимида хусусий сектор ва давлат-хусусий шериклик механизмини янада ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилаётгани қайд этилди. Бу йўналишнинг муҳим ҳуқуқий асоси яратиляпти. Республикада хусусий сектор учун барча зарур шарт-шароит ва имконият яратилиб, тадбиркорлар барча солиқ ва божхона тўловидан озод қилинди. Натижада юртимизда хусусий клиникалар сони 2,5 баробар ортиб, 8 мингтага етди. Шунингдек, айни пайт Ўзбекистонда хорижий инвестиция иштирокидаги 159 та хусусий шифохона фаолият олиб бормоқда. Албатта бундай ижобий ўзгаришлар сабаб сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш тизимида нодавлат тиббиёт улуши 30 фоиз ортди. 2025 йилга бориб, бу кўрсаткични 40 фоизга етказиш кўзда тутилган.

Таъкидлаш керак, мамлакатимизда хусусий тиббиёт учун чекловлар олиб ташланиши натижасида бугунги кунда улар шуғулланадиган йўналишлар сони 50 тадан 129 тага етди. Хусусан, Давлат тиббий суғурта жамғармаси билан 33 та хусусий тиббиёт муассасаси шартнома асосида давлат буюртмаси олиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож беморларга 11 миллиард сўмлик тиббий хизмат кўрсатди.

[gallery-11406]

Форумда 2023 йил бу йўналишдаги ишлар бутунлай янги босқичга кўтарилиб, маҳаллий тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар учун қатор қулайликлар яратилиши таъкидланди. Нафақат тиббиёт тизимига сармояларни жалб қилиш, балки соғлиқни сақлаш соҳасига инновацияларни жорий этиш ва тиббий хизмат сифатини оширишга ёрдам берадиган шерикликнинг янги шаклларини ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

Шунингдек, халқаро анжуманда соғлиқни сақлашнинг хусусий секторида лицензиялаш ва аккредитациялаш борасида кутилаётган ўзгаришлар, тиббий туризм ҳамда соҳада давлат-хусусий шерикчиликни ривожлантиришга доир амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.

- Бундай анжуман мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида илк бор амалга оширилаётган бўлиб, бу Ўзбекистон тиббиётининг сўнги йилларда эришган муҳим ютуқларини халқаро экспертлар, инвесторларга намойиш этиш ва уларни жалб қилишга қаратилган муҳим тадбирдир, - деди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова. - Бугунги кунда хусусий тиббиёт билан давлат тиббиётининг ўзаро интеграциясини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг самарасида тиббиёт муассасаларининг сонини кўпайтиришга эришилмоқда. Сон кўпайса ўз-ўзидан рақобат юзага келади ва сифат ошишига замин яратилади. Қолаверса шифохоналарда кўрсатилаётган тиббий хизмат нархи арзонлашади. Эътиборли жиҳати, мазкур форумда мингдан ортиқ иштирокчи онлайн ва офлайн тарзда иштирок этяпти. Форум якунида 700 миллион доллар миқдорида хорижий инвестиция жалб қилиш кўзда тутилган 30 га яқин халқаро меморандум имзоланади. Ушбу ҳужжатлар биринчи қадам сифатида кейинги ҳамкорлик учун муҳим пойдевор бўлади. Бу орқали тиббиёт сифати билан боғлиқ муаммоларга ечим топилади, имкониятимиз кенгаяди.

Тадбир давомида юртимизга кўп миқдорда инвестиция киритган ва соҳада намунали фаолият юритаётган 25 нафар хусусий тиббиёт муассасаси раҳбари “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Гўзал Сатторова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА